Бир ҳафтада “Тошкент” РФБда 13,1 млрд сўмлик акциялар сотилди

Дата: 17:33, 28-11-2018.

Тошкент. 28 ноябр. ЎзТАГ –19-23 ноябр кунлари “Тошкент” Республика фонд биржаси “Stock Market” акция бозори савдоларида 13,4 млн дона акция 13,1 млрд сўмга сотилди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Биржадан маълум қилишларича, ушбу бозорда 26 та акциядорлик жамиятининг қимматли қоғозлари билан 298 та битим қайд қилинган.

Бундан ташқари, ўтган хафтада облигациялар бозори – Bond Marketда “Капиталбанк” АТБ облигациялари билан 230 млн сўмлик бир дона битим амалга оширилди.

Таҳлиллар жами савдо айланмасининг 77,2%и (10,3 млрд сўм) тижорат банкларининг қимматли қоғозлари билан амалга оширилган битимлардан иборат бўлганини кўрсатди. Ушбу натижага Ravnaq-bank ХАТБ акциялари билан бўлган савдо хажмининг юқорилиги сабаб бўлди. Ўтган ҳафта умумий савдо айланмасининг 67,2%ини айнан шу банк қимматли қоғозлари билан тузилган битмлар ташкил этди. Банк акциялари билан савдолар ҳажми 8,9 млрд сўмни ташкил қилиб, икки битимда банкнинг 8,9 млн дона акциялари иштирок этди.

Битимлар сони бўйича етакчиликни ўтган ҳафтада Andijon tajriba-sinov zavodi АЖ эгаллаган ҳолда, унинг 16022 дона акцияси билан 119,2 млн сўмлик 68 та битим амалга оширилди. Кейингилардан, Qizilqumsement АЖ қимматли қоғозлари билан 2,6 млрд сўмлик 60 та битим, Kvarts АЖ қимматли қоғозлари билан эса 116,3 млн сўмлик 60 та битим қайд этилди.

Қимматли қоғозлар билан ўртача кунлик савдо айланмаси ҳисобот даврида 2,6 млрд сўмни, ўртача битим қиймати эса 44,4 млн сўмни ташкил этди. Шу билан бирга, ушбу даврда сотилган бир дона акциянинг ўртача нарх кўрсаткичи 990,7 сўмдан иборат бўлди, сотилган қимматли қоғозларнинг ўртача сони – 2,7 млн дона.

Энг фаол савдо сессияси чоршанба куни бўлиб ўтиб бунда 16 та эмитентнинг қимматли қоғозлари билан 124 та битим имзоланди.

Ўтган ҳафтада инвесторлар тоифасига кўра биржа савдоларида юридик шахслар фаоллиги кузатилиб, тузилган умумий битимлар ҳажмининг – 61,9% (8,2 млрд сўм) битимлар сонининг эса – 27,4% (82 та битим) айнан улар ҳиссасига тўғри келди.

Ўтган ҳафтада фонд биржасида Ўзбекистоннинг 7 та ҳудудида жойлашган листинг компаниялари қимматли қоғозлари билан савдо битимлари имзоланди. Биржа битимларининг энг юқори ҳажми Тошкент шаҳри (69,8%), Навоий вилояти (20,1%) ва Фарғона вилоятидаги (9%) акциядорлик жамиятлари ҳисобига тўғри келди.

Эслатиб ўтамиз, фонд биржасида йил бошидан буён 584,6 млрд сўмлик 9332 та савдо битими қайд қилинди. Ушбу даврда биржа савдоларида 115 та эмитентларнинг 8,5 млрд дона акция ва корпоратив облигациялари сотилган.

Сурат манбаи: https://tejaratnews.com

Янгилик билан ўртоқлашиш: