Бир килограмм мол гўштининг энг арзон нархи Нукусда, қўй гўшти эса – Тошкентда қайд этилди

Дата: 11:35, 01-06-2019.

Тошкент. 1 июнь. ЎзТАГ – Бир килограмм мол гўштининг энг арзон нархи Нукусда, қўй гўшти эса – Тошкентда қайд этилди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Давлат статистика қўмитаси маълумотларига кўра, 28 май куни вилоятлар, Қорақалпоғистон ва Тошкент шаҳар марказларининг йирик деҳқон бозорларида озиқ-овқат маҳсулотларининг айрим турлари нархларининг танлаб статистик текшируви ўтказилди.

"Нукусда "Нукус деҳқон бозори"да мол гўшти учун энг кам нарх қайд этилди ва бир кг учун 28 минг сўмни ташкил этди. Максимал нарх бир кг учун 45 минг сўм Тошкентнинг "Эски жўва деҳқон бозори", "Олой деҳқон бозори" ва "Миробод деҳқон бозори"ларида қайд этилди”, - дея таъкидланади қўмита маълумотида.

Қайд этилганидек, бир кг қўй гўштининг энг паст нархи 32 минг сўмни ташкил этиб, Тошкентда "Миробод деҳқон бозори" ва "Фарҳод деҳқон бозори" бозорларида рўйхатга олинган. Энг юқори нарх (1 кг учун 52 минг сўм) пойтахтимиздаги "Эски жўва деҳқон бозори"да қайд этилди.

Бундан ташқари, картошканинг энг паст нархи (1 минг сўм) Андижон ва Термиз бозорларида, максимал нархи (5 минг сўм) – Тошкент бозорида қайд этилди. Шунингдек, Тошкентдаги бозорларда энг кам ва максимал нархлар пиёз (1 кг учун 500 дан 5 минг сўмгача) ва сабзи (1 кг учун 1,5 минг сўмдан 6 минг сўмгача) учун кузатилди. 10 та тухум учун энг кам нархи (3,8 минг сўм) Навоий бозорида, максимал (8 минг сўм) Тошкент бозорида рўйхатга олинган.

Шунингдек, Нукус, Бухоро, Гулистон, Тошкент бозорларида гуручнинг энг паст нархи (5 минг сўм), энг юқори нархи (17,5 минг сўм) Наманган бозорида қайд этилди. Ўсимлик мойининг энг кам нархи (литри учун 7,6 минг сўм) пойтахт бозорида, максимал (12,5 минг сўм) Самарқанд ва Тошкент бозорларида кузатилди.

Энг арзон шакар (кг учун 4,6 минг сўм) Тошкент бозорларида, Нукус, Андижон, Жиззах, Қарши, Навоий, Наманган, Самарқанд, Термиз ва Урганч бозорларида қимматга (5,5 минг сўм) сотилган.

 

Сурат манбаи: darakchi.uz

Янгилик билан ўртоқлашиш: