Бир кун давомида Шавкат Мирзиёевнинг виртуал қабулхонасига 19 мингдан зиёд қўнғироқлар келиб тушди

Дата: 15:31, 21-10-2016.

Тошкент. 21 октябр. ЎзТАГ – Бир кун давомида Ўзбекистон президенти вазифасини бажарувчи  Шавкат Мирзиёевнинг виртуал қабулхонасига 19 мингдан зиёд қўнғироқлар келиб тушди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ) қабулхона матбуот хизматининг Facebookдаги саҳифасига асосланган ҳолда.

“(…) жорий йилнинг 19 октябрида келиб тушган қўнғироқлар сони (виртуал қабулхонанинг 1000 қисқа рақамига – ЎзТАГ) 19 мингдан ошди”, - дейилади хабарда.

Таъкидланишича, қўнғироқларнинг барчаси мурожаат юбориш эмас, балки мурожаатларнинг ҳолатини аниқлаштириш билан ҳам боғлиқ.

“Ушбу ҳолатда хизмат сифатини яхшилаш мақсадида операторлар сони доимо орттириб борилаяпти, лекин шу билан биргаликда айнан қўнғироқ кўп бўладиган вақтларда 1000 телефон рақамида навбат кутиш ҳолатлари кузатилмоқда. Шу сабабли, мурожаатлар имкони борича pm.gov.uz сайти орқали юборилиши ҳамда ҳолати текширилиши мақсадга мувофиқ", - дейилади хабарда.

Шунингдек, 1000 рақамига фақат Интернетдан фойдаланишга имконият бўлмай қолгандагина ва айнан қўнғироқлар камроқ бўладиган вақтда мурожаат юборган маъқуллиги тавсия қилинган.

Олдин маълум қилингани каби, биринчи 10 кун давомида Шавкат Мирзиёевнинг виртуал қабулхонасига 15 мингдан зиёд мурожаатлар келиб тушган эди.

Маълумот ўрнида, Шавкат Мирзиёевнинг виртуал қабулхонаси (pm.gov.uz) жисмоний ва юридик шахслардан мурожаатларни сентябр охиридан буён қабул қилмоқда.

Янгилик билан ўртоқлашиш: