Бир ойда Ўзбекистонда ноозиқ-овқат маҳсулотларининг нархлари 2,3% қимматлашди

Дата: 17:32, 06-02-2018.

Тошкент. 6 феврал. ЎзТАГ – Январда Ўзбекистонда ноозиқ-овқат маҳсулотларининг нархлари 2,3% қимматлашди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ) Давлат статистика қўмитаси маълумотларига таянган ҳолда.

Истеъмол нархлари индексига (ИНИ) мувофиқ, январда ноозиқ-овқат маҳсулотлари нархлари 2,3%га кўтарилиб, умумий ИНИнинг ўсишига 0,8 ф.д.да (фоиз даражаси) ўсишига олиб келди.

Жорий йилнинг январ ойидан бошлаб автомобилларга газ тўлдириш шаҳобчаларидаги пропан ҳамда метан газларининг сотиш нархлари 10,2 % ва 11,2%га қимматлашиб, умумий ИНИ ўсишига 0,1 ф.д.да таъсир қилди.

Полиграфия маҳсулотларининг ўртача 13,9%га кўтарилиши республикада чоп этилаётган босма нашлар нархларининг қимматлашиши билан ўзаро боғлиқдир (газета, журнал ва китоблар).

Республикада ишлаб чиқарилаётган тамаки маҳсулотларига бўлган акциз солиқларининг кўтарилиши истеъмол бозоридаги сигарет ва тамаки маҳсулотларининг 8,8%га қимматлашишига сабаб бўлди.

Ўз навбатида, аҳоли учун хизматлар ой давомида ўртача 1,4%га кўтарилди. Мамлакатнинг айрим ҳудудларидаги мактабгача таълим муассасалари хизматлари учун янги тўловларининг жорий этилиши умумий ўсиш суръатига 0,1 ф.д.да таъсир кўрсатди (Бухоро, Навоий ва Фарғона вилоятларидаги нархларнинг пасайганлигини ҳисобга олган ҳолда, республика бўйича ўсиш суръати ўртача 11,9%ни ташкил этди).

“Юқорида номи қайд этилган маҳсулотларнинг нархлари кўтарилмаганида умумий инфляция даражаси 0,2 ф.д.да пастроқ кўрсаткични ташкил этган бўлар эди”, - дея қайд этилади Статқўмита хабарида.

Сурат манбаи: http://brands.pp.ua/articles/root/khoztovary-optom/

Янгилик билан ўртоқлашиш: