Бир йилда “Туронбанк” АТБ пластик карталари сони 38% ўсди

Дата: 16:54, 01-12-2016.

Тошкент. 1 декабр. ЎзТАГ – 2016 йилнинг 1 ноябрига келиб  “Туронбанк”  акционерлик-тижорат банки томонидан муомалага чиқарилган пластик карточкалар сони 340,7 минг донани ташкил этиб, уларнинг сони ўтган 2015 йилнинг мос даврига нисбатан 38%га кўпайди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).  

Банк маълумотига кўра, савдо ва хизмат кўрсатиш нуқталарига ўрнатилган терминаллар сони эса таққосланаётган даврга нисбатан 42%га ошиб, 4134 донани ташкил қилди.

Пластик карточкалар ҳисобварақларидаги қолдиқ маблағларнинг ҳам кескин ўсишига эришилиб, мазкур кўрсаткич ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 68%га, йил бошига нисбатан 32%га ошган.

Тўлов терминаллари  орқали амалга оширилган транзакциялар салмоғи ўтган йилга нисбатан 97%га ошган.

2015-2016 йиллар мобайнида маънан эскирган ва яроқсиз ҳолга келган стационар терминаллар алмаштирилди.

Шунингдек, нақд пул шаклда тўловларни аҳолидан қабул қилиш имконини берувчи 150 дона тўлов терминаллари тармоғи ўрнатилган. Шундан, 100таси Тошкент шаҳрида ва 50таси турли вилоятлар шаҳарларида ўрнатилган. Улар орқали коммунал тўловлар, шаҳар телефони алоқаси, уяли алоқа ва бошқа хизматлар учун ҳисоб-китоблар амалга ошириб келинмоқда.

Янгилик билан ўртоқлашиш: