Бир йилда Ўзбекистон экспорти ҳажми деярли 15% ўсди

Дата: 14:14, 26-12-2017.

Тошкент. 26 декабр. ЎзТАГ – 2017 йилда Ўзбекистон экспорти ҳажми деярли 15% ўсди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

2018 йилда экспортнинг умумий молия кўрсаткичи $12,1 млрд. даражасида бўлиши кутилмоқда.

Хусусан, бу ҳақида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида 25 декабрь куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида гапирилди.

Унда 2017 йил якуни бўйича прогноз кўрсаткичлари тўлиқ бажарилишини таъминлаш, миллий маҳсулотлар экспорти географиясини кенгайтириш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар муҳокама қилинди.

Президент матбуот хизмати маълумотига кўра, мамлакат иқтисодий сиёсатида нореал рақамлар ортидан қувиш, амалда самара бермайдиган режалар ҳақида баландпарвоз гаплар билан сўз юритишдек номаъқул иш услуби танқид қилинди.

Йиғилишда кейинги бир йилда тадбиркорларнинг экспорт соҳасидаги фаолиятини қўллаб-қувватлаш мақсадида маҳсулотларни олдиндан тўлов асосида экспорт қилиш, валюта тушумларини мажбурий сотиш, ҳозирги кун талабига жавоб бермайдиган, ортиқча рухсатномаларни бекор қилиш ҳамда экспорт фаолиятида солиқ имтиёзларини қўллашни кенгайтиришга доир қатор фармон ва қарорлар қабул қилингани таъкидланди.

Экспорт соҳасида амалга оширилиши лозим бўлган устувор вазифаларга яна бир бор тўхталиб ўтилди, шу жумладан, Марказий Осиё мамлакатлари, Хитой, Россия, Жанубий Корея, АҚШ, Туркия ва бошқа мамлакатларга амалга оширилган олий даражадаги ташрифлар давомида эришилган келишувларни бажариш масаласи кўриб чиқилди.

Тадбиркорлик субъектларини божхона кўригидан ўтказишда хавф-хатардан огоҳ этиш тизимини жорий қилиш, божхона органлари томонидан бериладиган ортиқча ва замон талабига жавоб бермайдиган лицензия ва рухсатномаларни бекор қилиш лозим. Мева-сабзавот маҳсулотлари экспорти ҳажмини ошириш бўйича стратегия ишлаб чиқиш ва амалга ошириш мақсадга мувофиқдир.

Йиғилишда айрим тармоқлар ва ҳудудлар раҳбарларида масъулият, талабчанлик ва ташаббускорлик етишмаётгани, экспорт дастурини бажаришда сусткашликка йўл қўйилаётгани танқид қилинди.

Сурат манбаи: https://www.kursiv.kz/news/kompanii1/za-7-mesacev-eksport-iz-kazahstana-v-uzbekistan-vyros-na-385/

Янгилик билан ўртоқлашиш: