Бир ўзбекистонлик Корея Республикасида, иккинчиси Тожикистонда содир бўлган ЙТҲ оқибатида ҳалок бўлди

Дата: 12:33, 02-08-2019.

Тошкент. 2 август. ЎзТАГ – Бир ўзбекистонлик Корея Республикасида, иккинчиси Тожикистонда йўл-транспорт ҳодисаси (ЙТҲ) оқибатида ҳалок бўлди, дея хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

"Ўзбекистон элчихонасининг Сеул шаҳридаги консуллик бўлими маълумотларига кўра, 1 август куни Кенгбук провинциясида (Корея Республикаси) содир бўлган жанжал оқибатида жароҳат олган Ўзбекистон фуқароси Р.Т. вафот этган", - дейилади Ўзбекистон ташқи ишлар вазирлиги (ТИВ) матбуот хизмати хабарида.

Қайд этилганидек, жиноятда гумон қилинган Ўзбекистон фуқароси С.С. қўлга олинган ва бу ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилган. Элчихона вазиятни назорат остига олди ва Ўзбекистон Республикаси бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг ташқи меҳнат миграцияси агентлиги вакиллари билан биргаликда марҳумнинг жасадини ватанига юборишнинг консуллик-ҳуқуқий ва ташкилий масалаларини ҳал қилади.

"Ўзбекистон элчихонасининг Тожикистондаги маълумотларига кўра, 30 июль куни Сўғд вилояти Шаҳристан довонида ЙТҲ ва машинанинг дарёга қулаб кетиши оқибатида Ўзбекистон фуқароси А.Д. вафот этган. Бошқа ҳамюртимиз А.Н. жабрланган ва касалхонага ётқизилган", - дейилади хабарда.

Марҳумнинг жасади қариндошлари ҳамроҳлигида ўз ватанига юборилганлиги таъкидланади. Элчихона вазиятни назорат остига олди ва жабрланган ватандошга ёрдам бериш бўйича консуллик-ҳуқуқий масалалар билан шуғулланади.

Сурат манбаи: varjag.net

Янгилик билан ўртоқлашиш: