Birds.uz экологик сайти конкурслар якунларини кўриб чиқди
Тошкент. 19 январ. ЎзТАГ – Вirds.uz экологик сайти 2015 йилда ўтказилган конкурслар якунларини кўриб чиқди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитасидан маълум қилишларича, “Катта йил” фототанлови ғолиби Давлат биологик назорати ходими Тимур Абдураупов бўлди. Конкурс шартларига кўра мамлакат ҳудудида йил давомида энг кўп қуш турларини рўйхатга олиш зарур эди. Натижада Тимур Абдураупов 237 турдаги қушларни суратга олди.
“Ўзбекистон қушларининг энг яхши сурати” танлови ғолиби эса Борис Недосеков бўлди. Ушбу конкурс икки босқичда ўтказилди. Илк босқичда Фейсбукда овоз бериш уюштирилиб, кейинчалик энг кўп овоз олган суратлар таниқли орнитолог ва суратчилардан иборат нуфузли ҳайъат томонидан баҳоланди.
Борис биринчи икки ўринни “Шўх қарға” ва куйлаши билан танилган пушти чуғурчуқлар суратлари билан эгаллади. Учинчи ўрин эса саҳро қирғовулини суратга туширган Валентин Солдатовга насиб қилди.
“Вirds.uz сайтининг энг яхши дўсти” номини овоз бериш натижалари бўйича Асиф Хон эгаллади. У сайт концепциясига кескин ўзгартишлар киритиб, маслаҳатлари билан портал ишини яхшилаб борди. Бундан ташқари, унинг ажойиб суратлари мақолаларни безади.
Маълумот ўрнида, birds.uz сайти нотижорат мақсадларида Ўзбекистонда қушларга қизиқишни оммалаштириш мақсадларида яратилган. Шу мақсадда birds.uz жамоаси турли интерактив мусобақалар ўтказмоқда. Унда истаган киши қатнашиши мумкин.
Вirds.uz сайти 2015 йил 1 апрелда Халқаро қушлар кунида очилган эди. Бу ерда фойдаланувчилар суратларини жойлаштиришлари ва экспертлар кўмагини олишлари мумкин.
Ҳозирда сайтда 111 киши рўйхатдан ўтган. Улар жами 3,7 минг суратлар жойлаштирганлар. Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг Генофонд институти, Давлат биологик назорати ва Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси сайт ҳамкорлари ҳисобланадилар.


