Биринчи чоракда ўзбек энерготизимлар лойиҳачисининг соф фойдаси 54,5% ўсди

Дата: 10:32, 08-05-2015.

Тошкент. 8 май. ЎзТАГ – 2015 йилнинг биринчи чорагида Марказий Осиёдадаги ягона энерготизимлар ва энергетика объектлари лойиҳачиси бўлган “Средазэнергосетьпроект” АЖ 360,22 млн сўм миқдорда соф фойда олди. Бу ўтган йилдаги кўрсаткичга қараганда 54,5% кўпдир, дея хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Йил якунлари бўйича компания соф тушуми миқдори 3,015 млрд сўмни (+56,5%), маҳсулот сотишдан тушган ялпи фойда ҳажми 846,7 млн сўмни ташкил қилди (+52,7%).

Компания активлари миқдори 13,6% ўсиб, 6,58 млрд сўмга етди, бунда жорий активлар улуши 92% ошиқни ташкил этади.

Жорий йилнинг биринчи уч ойида компания низом жамғармаси миқдорини тўрт бараварга оширишга эришиб, 2,375 млрд сўмга етказди, заҳира капитали ҳажми эса 2,32 бараварга ўсиб, 468,4 млн сўмни ташкил қилди. Айни пайтда тақсимланмаган фойда миқдори кескин камайиб, 3,19 млрддан 1,21 млрд сўмга тушди.

Эслатиб ўтамизки, “Средазэнергосетьпроект” лойиҳа-изланиш ва илмий-тадқиқот энергетик акционерлик жамияти бўлиб, Марказий Осиёдаги энерготизимлар ва энергетика объектлари лойиҳачисидир. Унинг таъсисчи ва акционерлари Қирғизистон, Қозоғистон, Туркманистон, Тожикистон ва Ўзбекистон миллий энергокомпанияларидир.

Янгилик билан ўртоқлашиш: