Биринчи чоракда Ўзбекистон иқтисодиёти томонидан ўзлаштирилган инвестициялар ҳажми 8,7% ўсди
Тошкент. 5 май. ЎзТАГ – 2015 йилнинг биринчи чорагида Ўзбекистон иқтисодиёти томонидан ўзлаштирилган инвестициялар ҳажми $2,7 млрдга етди, бу 2014 йилнинг муқобил давридагидан 8,7% кўпдир, дея хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
“Ўзлаширилган инвестициялар ҳажмининг $660 млндан ошиғи ёки 24,3% хорижий инвестиция ва кредитлар ташкил этиб, улар миқдори 12,1% ўсди. Жумладан, $580 млн тўғридан-тўғри инвестициялар ўзлаштирилди (+10%). Мамлакат Тикланиш ва тараққиёт жамғармасининг иқтисодиёт стратегик тармоқларида йирик лойиҳаларни амалга оширишга йўналтирган маблағлари ҳажми 5,6% ўсиб, $81,1 млнни ташкил қилди”, – дейилади Иқтисодиёт вазирлиги хабарида.
Йил бошидан бери ўзлаштирилган инвестициялар ҳажмининг асосий қисмини хўжалик субъектларининг ўз маблағлари (36,3%) ташкил этиб, улар ҳажми 28,3% ошди. Йил бошидан бери Инвестиция дастури доирасида умумий қиймати $4,8 млрддан зиёд 53 янги лойиҳалар амалга ошириш бошланди, 434 янги ишлаб чиқаришлар очилди.