Биринчи чоракда Ўзбекистон реклама бозорида 54 қонунбузилиш ҳолатлари аниқланди

Дата: 17:54, 28-05-2014.

Тошкент. 28 май. ЎзТАГ – Жорий йилнинг биринчи чорагида Ўзбекистон Хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси томонидан ўтказилган 70 тадқиқ натижасида кеклама тўғрисидаги қонунчиликнинг бузилишига доир 54 ҳолат аниқланди, дея хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
Қўмитадан хабар беришларича, натижада хўжалик субъектларига 37 тегишли ёзма кўрсатма берилди ва 19 уларнинг лавозимли шахсларига нисбатан маъмурий жарималар қўлланди.
Мамлакатда ушбу соҳа 1998 йил 25 декабрда қабул қилинган “Реклама тўғрисида”ги қонун билан идора қилинади. Унга кўра, реклама қўйиладиган асосий талаблар қонунийлик, ишончлилик, рекламада истеъмолчига маънавий ва моддий зарар бермайдиган шакл ва воситалардан фойдаланишдан иборат.
Шу мақсадларда қўмита томонидан доимий равишда “Реклама тўғрисида”ги қонунчилик ва қонуности меърий-ҳуқуқий ҳужжатлари бўйича расмий тушунтиришлар ва шарҳлар бериб келинмоқда. Хусусан, реклама қилинаётган дори воситаларидаги “самарадор”, “табиий”, “экологик соф маҳсулот”, “ҳавфсиз”, “ҳаммага маълум”, “ишончли”, “дарҳол таъсир кўрсатади” каби сўзларга таърифлар берилди.
Мутахассисларнинг фикрига кўра, баъзи ҳолларда берилаётган рекламаларда реклама қилинаётган маҳсулотни сотиб олиш шартлари, ундан фойдаланиш каби зарур маълумотлар жуда кичик ҳарфларда ёзилган ёки батафсил маълумотни қаердан олиш мумкинлиги кўрсатилмайди. Ва оқибатда ушбу ҳатти-ҳаракатлар натижасида истеъмолчи чалғитилади.

Янгилик билан ўртоқлашиш: