Биринчи чоракда Ўзбекистон ЯИМ 7,5% ўсди
Тошкент. 18 апрел. ЎзТАГ – Биринчи чоракда Ўзбекистон ялпи ички маҳсулоти (ЯИМ) 7,5% ўсди. Ушбу маълумотлар Вазирлар Маҳкамасининг Тошкентда бўлиб ўтиб, 2016 йилнинг биринчи чорагида республикани ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунларини муҳокама қилишга бағишланган йиғилишда очиқланди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
“Глобал иқтисодиётда давом этаётган инқирозли ҳодисаларга ва унинг ривожланиши суръатлари секинлашганлигига қарамай, Ўзбекистонда иқтисодиёт ўсишининг барқарор суръатлари ва макроиқтисодий мутаносиблик таъминланаётганлиги қайд этилди. Жорий йилнинг биринчи чорагида мамлакатнинг ялпи ички маҳсулоти 7,5% ўсди. Саноат маҳсулоти ишлаб чиқариш ҳажми 7%, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш ҳажми – 6,7%, чакана товар айланмаси ҳажми 12,8% кўпайди”, - деб таъкидланади Иқтисодиёт вазирлиги хабарида.
Вазирлик маълумотларига кўра, Давлат бюджети ялпи ички маҳсулотга нисбатан 0,1% миқдоридаги профицит билан ижро этилди. Инфляция даражаси прогноз параметрлардан ошмади.
Хизматларнинг замонавий турларини, энг аввало, ахборот-коммуникация технологияларига асосланган турларини жадал ривожлантириш юзасидан кўрилаётган чора-тадбирлар хизматлар ҳажмларининг 12,1% ўсишини ва уларнинг ялпи ички маҳсулотдаги улуши 2015 йилнинг биринчи чорагидаги 59,3%дан 59,5%гача кўпайишини таъминлади.


