Биринчи ярим йилда “Кафолат” суғурта мукофотлари йиғишни 37,2% кўпайтирди

Дата: 10:17, 03-08-2015.

Тошкент. 3 август. ЎзТАГ – 2015 йилнинг биринчи ярим йилида “Кафолат” суғурта компанияси 27,5 млрд. сўм суғурта мукофотлари йиғди, бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 37,2% кўп демакдир. Бу ҳақида компания бошқарувининг 2015 йил 1 ярим йили якунларига бағишланган кенгайтирилган мажлисида маълум қилинди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

“Компания томонидан кўрсатилган суғурта хизматлари умумий ҳажми 13,6 трлн сўмдан ошди (+87,1%). Компания 5,5 млрд. сўмдан ортиқ суғурта қопламалари тўлаб берди. Ушбу кўрсаткич 1,6 баравардан зиёдга ўсди”, – деб таъкидлашди компания матбуот хизматида.

Инвестиция киритмалари асосан банк воситалари, жумладан, депозит омонатлари банк сертификатларига киритилди. 2015 йил 1-июлига келиб компаниянинг инвестиция қўйилмаларининг умумий ҳажми 35,5 млрд. сўмни ташкил этди, бу эса 2014 йилнинг муқобил давридаги кўрсаткичга нисбатан 26,1% зиёддир.

Актив ҳажми 72,2 млрд. сўмни ташкил этди (+55,3%). Молия барқарорлигини мустаҳкамлаш ва капитализация даражасини ошириш учун мажлисда компания устав капитали миқдорини 29,9 млрд. сўмга ошириш тўғрисида қарор қабул қилинди.

Янгилик билан ўртоқлашиш: