Биринчи ярим йилда ЎзРТХБ битимлар ҳажми 5,73 трлн сўмни ташкил қилди

Дата: 19:27, 27-07-2016.

Тошкент. 27 июл. ЎзТАГ – 2016 йилнинг биринчи ярмида Ўзбек республика товар хом-ашё биржасида (ЎзРТХБ) тузилган битимларнинг ҳажми 5,73 трлн сўмни ташкил қилди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Ушбу маълумотлар ЎзРТХБ АЖ бошқарувининг ҳисобот йиғилишида очиқланди. Хусусан, биржа битимларининг ҳажми 37,5%га ошиб, 4,4 трлн сўмга етди. Бунда бир қатор товар позициялари бўйича натурал кўринишда ўсиш кузатилди, шу жумладан кўмир бўйича 75,8%га, полиэтилен – 19,2%, мис маҳсулотлари – 17,7%, минерал ўғитлар – 10,8%, буғдой (дон) – 13,7%, шакар – 11%га ўсишга эришилди. Ҳисоб-китоб клиринг электрон тизимда 4292та янги мижозлар рўйхатдан ўтказилди.

Тадбиркорлик субъектлари томонидан ЎзРТХБда 2,86 трлн сўмлик маҳсулотлар сотиб олинди (+19,2%). Шу билан бирга, улар 1,28 трлн сўмлик маҳсулотларни сотдилар (+42,4%).

Кўргазма-ярмарка савдолар тизимида ҳам қайд этилиб, унинг ҳажми 780,2 млрд сўмни ташкил этди (+67%). Ушбу савдо платформасида тузилган битимларнинг сони эса 7,9%га кўтарилди. Биржанинг кўргазма-ярмарка савдолари ва валюта савдо майдончаси орқали $30,4 млн (+12,3%) маҳаллий маҳсулотлар экспорт қилинди.

“D-xarid” давлат харидлари бўйича ўтказилган электрон савдолар ҳажми 18,4%га ўсиб, 249,5 млрд сўмни ташкил этди, бюджет маблағларини тежалиши эса 58,9 млрд сўмга этди. Электрон каталог савдо тизимида 33,2 млрд сўмлик битимлар имзоланди ва 12,3 млрд сўм бюджет маблағлари тежалди.

“E-xarid” – корпоратив харидларининг ҳажми эса 27,1% га, яъни 217,2 млрд сўмгача кўтарилди. Бунда молия маблағларини тежалиши 2015 йилнинг биринчи ярмига нисбатан 48,4%га ўсиб, 53,3 млрд сўмни ташкил этди. Аукцион савдоларда ҳар бир талабномага ўртача 16тадан ортиқ таклифлар келиб тушди.

Янгилик билан ўртоқлашиш: