Биринчи ярим йилликда Ўзбекистонда 305 давлат активлари сотилди
Тошкент. 19 июл. ЎзТАГ – Ўзбекистонда 2016 йилнинг биринчи ярим йиллиги мобайнида хусусий мулкка қарийб 267,5 млрд сўм миқдорида инвестиция мажбуриятлари қабул қилган ҳолда 305та давлат активлари сотилди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
“Ўтган даврда хорижий инвесторларга 30та акциядорлик жамиятидаги улушлар сотилди. Устав фондларида давлат улушига эга бўлган акциядорлик жамиятлари сони 2015 йилнинг шу давридаги 374та ўрнига 202тагача қисқарди”, - деб таъкидланди Вазирлар Маҳкамасининг 2016 йилнинг биринчи ярим йиллиги якунларига бағишланган мажлисида.
Ҳукумат вазирликлар, идоралар, хўжалик бирлашмалари раҳбарларига акциядорлик жамиятларининг устав капиталларига камида 15% миқдорида салоҳиятли хорижий инвесторларни жалб этиш ва 2015 йил ноябр ойидаги Халқаро инвестиция форумида тузилган меморандумлар доирасида инвестиция лойиҳаларини амалга оширишни жадаллаштириш ишларини фаоллаштириш топшириғи берилди.


