“Биз майдонга миллионлаб Ўзбекистон фуқаролари учун чиқамиз” – Миржалол Қосимов
Тошкент. 22 январ. ЎзТАГ – “Биз майдонга миллионлаб Ўзбекистон фуқаролари, бизни Австралияда қўллаб-қувватлаб турган ишқибозлар, шунингдек, Мельбурн аҳолиси учун чиқамиз”, деди Ўзбекистон термасининг бош тренери Миржалол Қосимов 21 январ куни Мельбурндаги “Rectangular Stadium” стадионида бўлиб ўтган ўйиндан олдинги матбуот анжуманида, дея хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
Бунга доир маълумот Ўзбекистон Футбол федерацияси сайтида жойлаштирилган.
Жанубий Корея бўлажак ўйинда мезбон сифатида қатнашишига қарамасдан, Миржалол Қосимов Ўзбекистон термаси ҳам ўзини Мельбурнда жуда яхши ҳис этаётганлигини таъкидлади.
“Биз бу шаҳарга жуда ўрганиб қолдик. Бундан кейин, Саудия Арабистони билан бўлган ўйиндан кейин гуруҳ босқичидаги олдинги икки ўйиндан кейин бўлгани каби, бошқа шаҳарга боришга тўғри келмади. Мельбурн бизга жуда ёқди, уни биз учун омадли шаҳар деб ҳисоблаймиз. Эртага (22 январ куни – ЎзТАГ) биз майдонга миллионлаб Ўзбекистон фуқаролари, бизни Австралияда қўллаб-қувватлаб турган ишқибозлар, шунингдек, Мельбурн аҳолиси учун чиқамиз”, - деди у яна.
“Мельбурнни ўрганиб, бу ерда Австралиянинг энг кучли жамоаси бўлган “Melbourne Victory” туришини аниқладик. Қизиғи, жамоанинг анъанавий либоси кўк ва оқ экан. Маълумки ушбу рангдаги либослардан биз ҳам фойдаланамиз. Бу ҳам орамиздаги ўхшашлик. Ушбу ҳолат ҳам Мельбурн аҳолисини бизни стадионда қўллаб-қувватлашларига ундайди, деб умид қиламиз”, - деб қўшимча қилди ўзбек термасининг бош мураббийси.
Эслатиб ўтамизки, Жанубий Корея – Ўзбекистон ўртасидаги ўйин бугун, 22 январда тошкент вақти билан соат 12.30да Мельбурндаги “Rectangular Stadium”да (Тўғрибурчак стадион) бўлиб ўтади.
Маълумот ўрнида, қитъанинг 16-биринчилиги 9-31 январ кунлари Австралиянинг Сидней, Ньюкасл, Брисбен, Канберра ва Мельбурн шаҳарларида бўлиб ўтмоқда.