Биз ташриф буюрган барча сайлов участкаларида ҳеч қандай бузилишларни пайқаганимиз йўқ – ИҲТ миссияси
Тошкент. 22 декабр. ЎзТАГ – Биз ташриф буюрган барча сайлов участкаларида ҳеч қандай бузилишларни пайқаганимиз йўқ, деб баёнот берди Тошкентда бугун соат 11да бўлиб ўтган брифингда Ислом ҳамкорлик ташкилотининг (ИҲТ) ушбу ташкилотга аъзо мамлакатлардаги сайловларда кузатувларни ташкил қилиш учун масъул бўлган сиёсий масалалар бўйича департаменти директори Али Абулҳассаний, дея хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
Унинг сўзларига кўра, миссия эрталаб соат 6.00дан бошлаб кечқурун соат 20.00га қадар Тошкент шаҳридаги 100 ошиқ сайлов участкаларига ташриф буюришга улгурган. “Биз сайловчиларнинг юқори даражадаги фаоллигига гувоҳ бўлдик. Айниқса, бу ҳол сайловда илк марта қатнашганлар орасида кўринди. Бизнинг фикримизга кўра, бундан фаоллик халқнинг сиёсий етуклиги, ўз мамлакатнинг демократик келажаги учун маъуллигидан далолат беради. ИҲТ миссияси номидан Ўзбекистон халқини сайловнинг муваффақиятли тугалланганлиги билан қутлайман”, - деб таъкидлади А.Аболхассани.
Ўзбекистон Конституциясига тузатишлар киритилганидан кейин парламент катта ваколатларга эга бўлди, деб сўзини давом эттирди ИҲТ вакили. “Кеча биз халқ Конституцияга киритилган демократик тузатишларнинг моҳиятини тўғри тушунишини кўрдик. 100 ошиқ сайлов участкаларига ташрифлардаги кузатишлармиз ва таассуротларимиз асосида сайловлар юқори даражада ташкил этилганлигини маълум қилишимиз мумкин. Овоз бериш жараёни эркин ҳолда ўтди”, - деб таъкидлади ИҲТ департаменти директори.
Бундан ташқари, миссия Ўзбекистон Марказий сайлов комиссияси (МСК) фаолиятини ҳам юқори баҳолади. “Биз МСКдан барча зарур маълумотларни олдик. Биз МСК кўмагини юқори қадрлаймиз, чунки уларнинг кўмагисиз ўз вазифамизни керакли даражада бажара олмаган бўлар эдик. Биз ташриф буюрган барча сайлов участкаларида ҳеч қандай бузилишларни пайқаганимиз йўқлигини яна бир маротаба тасдиқламоқчиман. МСК ишига яна бир бор юқори баҳо бермоқчиман ҳамда Ўзбекистон ҳукуматига таклиф учун миннатдорчилик билдираман”, - деб хулоса қилди А.Абулхассаний.