Бизнинг муносабатларимиз оғир синов ва қийинчиликларни биргаликда босиб ўтганимизда асрлар давомида вақт синовидан ўтган – Ислом Каримов
Тошкент. 14 декабр. ЎзТАГ – Бизнинг муносабатларимиз оғир синов ва қийинчиликларни биргаликда босиб ўтганимизда асрлар давомида вақт синовидан ўтган, деди Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов 11-12 декабрда Туркманистонга республика бетарафлигининг 20 йиллигига бағишланган тадбирда қатнашиш учун қилган расмий ташрифи доирасида.
Шуни таъкидлаш керакки, деди Ўзбекистон президенти, ушбу халқаро ҳуқуқий мақом асосини Туркманистоннинг тарихий, географик ва этномаданий хусусиятлари, авваламбор, туркман халқига хос бўлган тинчликпарварлик, меҳнатсеварлик, бағрикенглик ва яхши қўшничилик каби азалий фазилатлар ташкил этади.
“Туркман халқининг бундай фазилатларини ушбу мамлакатнинг энг яқин қўшниси бўлган Ўзбекистон халқи яхши билади ва юксак қадрлайди. Бизнинг муносабатларимиз асрлар давомида вақт синовидан ўтган. Халқларимиз оғир кунларда бир-бирига елкадош бўлиб, қувончу шодликларни баҳам кўриб келган”, - деб иқтибос келтиради матбуот хизмати И.Каримовнинг 12 декабрда Ашхабодда бўлиб ўтган “Бетарафлик сиёсати: тинчлик, хавфсизлик ва тараққиёт йўлида халқаро ҳамкорлик” мавзуида халқаро конференциядаги чиқишидан.
Ташрифнинг асосий воқеалари шу куннинг ўзида бўлиб ўтгани таъкидланмоқда.
“Президентимиз хорижий давлатлар раҳбарлари билан бирга Бетараф Туркманистон майдонига ташриф буюрди. Ушбу мамлакатнинг бетарафлиги тимсоли бўлган Бетарафлик монументи пойига гул қўйди”, - дейилади хабарда.
Туркманистон президенти Гурбангули Бердимуҳамедов ва туркман халқини миллий байрам – Туркманистон бетараф мамлакат деб эълон қилинганининг 20 йиллиги билан табриклаб, И. Каримов “Туркманистоннинг бетарафлик мақоми халқаро миқёсда эътироф этилиши мамлакат янги тарихида туб бурилиш қилган, давлат қурилишининг асосий босқичлари ва ташқи сиёсатининг устувор йўналишларини белгилаб берган муҳим воқеалардан биридир” деб таъкидлади.
Ўзбекистон президенти ўзбек ва туркман халқининг тарихи, тили, дини ва анъаналари бир, мақсадлари муштарак эканини алоҳида қайд этди.
“Ёш ва мустақил Туркманистон учун бетарафлик мамлакат ички ва ташқи сиёсатини ўзида мужассам этган узоқ муддатли мақсад ва вазифаларни амалга оширишнинг ўзига хос шакли ва мустаҳкам асоси бўлиб хизмат қилди. Туркманистоннинг доимий ижобий бетарафлик мақомига эга давлат сифатида замонавий ривожланиш даври бевосита Гурбангули Бердимуҳамедов номи билан боғлиқдир. У Президент лавозимида фаолиятини бошлагач, Туркманистоннинг бетарафлик мақоми сифат жиҳатидан янги мазмун билан бойиди”, - деб иқтибос келтирилади хабарда И.Каримовдан.
Унинг сўзларига кўра, “...2007 йил БМТ минбаридан Туркманистоннинг халқаро ҳамжамият учун очиқлиги, мамлакатнинг бошқа давлатлар билан кенг кўламли ҳамкорликка тайёр эканини баён қилиб, бетарафлик ўз қобиғига ўралиб қолиш, халқаро муносабатлар ва ҳамкорлик алоқаларидан ўзини тийиш деган тушунчаларга чек қўйди”. “Бу билан Туркманистоннинг янги ташқи сиёсат стратегиясини белгилаб берди”, деб таъкидлади Ўзбекистон президенти.
Учрашувда Ўзбекистон ва Туркманистон муносабатларига юқори баҳо берилди. Ўзаро ҳамкорликни янада ривожлантириш истиқболлари, минтақавий ва халқаро хавфсизликни мустаҳкамлаш масалалари юзасидан фикр алмашилди.
Ўз навбатида, Туркманистон президенти Гурбангули Бердимуҳамедов Ўзбекистон президенти Ислом Каримовга ушбу байрам ва халқаро конференцияда иштирок этгани учун миннатдорчилик билдирди, мамлакатлар ўртасидаги ҳамкорлик барча соҳаларда изчил ривожланиб бораётганини мамнуният билан қайд этди.
Шу билан Ўзбекистон Республикаси президенти Ислом Каримовнинг Туркманистонга ташрифи ниҳоясига етди, дейилади хабарда.


