“Бизнинг ўйлаганларимизни амалга оширишда омадимиз чопмади” – Миржалол Қосимов

Дата: 11:13, 23-01-2015.

Тошкент. 23 январ. ЎзТАГ – Ўзбекистон миллий термасининг бош тренери Миржалол Қосимов 2015 йилги Осиё Кубогида Жанубий Кореяга қарши чоракфинал ўйинидаги муваффақиятсизлик сабаблари ҳақида сўзлаб берди, дея хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

“Ушбу ўйин финал ўйинига ўхшаш бўлди. Чиройли футбол стадионга келган барча ишқибозларга ёқди, деб ўйлайман. Ўйиндан келиб чиқсақ биз мағлубиятга муносиб эмас эдик, лекин футболда ҳамма нарса бўлиб туради. Ўйин давомида бир неча гол уришимиз мумкин эди, лекин буни амалга ошира олмадик. Омад шу куни Жанубий Корея томонида бўлди”, – деди Миржалол Қосимов.

Бош мураббий шунингдек, унда ўзбек футболининг келажаги порлоқлигига ҳеч қандай шабҳа йўқлигини ҳам таъкидлади.

“Ҳаёт давом этмоқда ва биз яна олдинга интилаверамиз. Олдимизда 2018 йилги жаҳон чемпионати саралаш ўйинлари турибди. Ўзбекистонда истеъдодли ўйинчилар кўплигидан келиб чиқққан ҳолда, – бунга биз Осиё Кубогида гувоҳ бўлдик – катта ғалабаларга кўп қолмади, дейиш мумкин”, – деб хулоса қилди Ўзбекистон термаси мураббийси.

Янгилик билан ўртоқлашиш: