“Бизнинг Ўзбекистонга қарши ўйин учун ўз режамиз бор” – Ален Перрен

Дата: 12:44, 14-01-2015.

Тошкент. 14 январ. ЎзТАГ – Куни кеча Хитой терма жамоаси бош тренери, таниқли француз мутахассиси Ален Перрен 2015 йилги Осиё Кубоги гуруҳ босқичи иккинчи тури доирасидаги Ўзбекистон термаси билан қандай ўйнамоқчилиги ҳақида гапириб берди, дея хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

“Биз турнирни яхши бошладик. Рақиб илк ўйинда КХДРдан кучли эканини исботлади. Ўзбекистон аввалги Осиё Кубогида кучли тўртликка кира олган ва уларнинг сафида анча кучли ўйинчилар бор. Айниқса 8 (Сервер Жепаров) ва 18 (Тимур Кападзе) - рақамдаги футблчиларини алоҳида таъкидлаган бўлар эдим. Тўрт йил олдин, аввалги Осиё Кубогида улар билан 2:2 ҳисобида дуранг ўйнаган эдик, бу сафар ғалаба қозонишга ҳаракат қиламиз”, - деди Ален Перрен.

Унинг сўзларига кўра, ҳозир ўйиндан олдин совуққонлик қилиш жуда муҳим. “Бизнинг Ўзбекистонга қарши ўйин учун ўз режамиз бор. Албатта биз Саудия Арабистони ва КХДР терма жамоалари ўртасидаги ўйин натижасини билган ҳолда майдонга тушамиз, аммо бор диққатимизни ўз ўйинимизга қаратамиз. Гуруҳ босқичи уч ўйиндан иборат. Уларнинг барчасида ғалаба қозона олсак, албатта автоматик равишда чоракфиналга чиқамиз”, - деб таъкидлади Хитой терма жамоаси бош мураббийи.

Эслатиб ўтамизки, юқоридаги ўйин бугун тошкент вақти билан соат 14.00да Брисбендаги “Санкорп” стадионида бўлиб ўтади.

Осиё қитъасининг 16-биринчилиги 9-31 январ кунлари Австралиянинг беш шаҳри - Сидней, Ньюкасл, Брисбен, Канберра ва Мельбурнда бўлиб ўтмоқда.

Янгилик билан ўртоқлашиш: