БМТ қароргоҳида Регистон майдонининг макети ўрнатилди

Дата: 16:34, 20-09-2017.

Тошкент. 20 сентябр. ЎзТАГ – Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг (БМТ) қароргоҳида Регистон майдонининг макети ўрнатилди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

“Шу муносабат билан ўтказилган маросимда президентимиз Шавкат Мирзиёев иштирок этди ва нутқ сўзлади. Тадбирда БМТ Бош котиби ўринбосари Жен Бигл, Бош Ассамблея сессиясига келган дипломатлар, БМТ ахборот маркази ходимлари қатнашди”, - дейилади давлат раҳбарининг матбуот хизмати хабарида.

“Регистон майдонининг макети юртимизнинг қўли гул уста ҳунармандлари томонидан ясалган бўлиб, қимматбаҳо металл ва гўзал миллий нақшлар билан безатилган. Ўзбекистоннинг “ташриф қоғози” бўлмиш ушбу экспонатнинг БМТ штаб-квартирасининг энг гавжум жойларидан бирига, БМТ Хавфсизлик кенгаши ва Бош Ассамблея заллари ўртасидаги фойега ўрнатилганида ўзига хос чуқур рамзий маъно бор”, - деди Мирзиёев.

БМТ Бош котиби ўринбосари Жен Бигл шундай гўзал ва теран мазмунга эга туҳфа учун президентимизга чуқур миннатдорлик билдирди.

Янгилик билан ўртоқлашиш: