БМТ бош котиби Пан Ги Мун Ўзбекистонга ташриф буюради

Дата: 15:45, 05-06-2015.

Тошкент. 5 июн. ЎзТАГ – Келаси ҳафта БМТ бош котиби Пан Ги Мун Марказий Осиё мамлакатлари бўйлаб сафарга чиқиб, унинг доирасида Ўзбекистонга ҳам ташриф буюради, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

“Сешанба, (9 июн – ЎзТАГ) БМТ бош котиби Тожикистонга ташриф буюриб, бу ерда “Ҳаёт учун сув” халқаро конференциясида қатнашади. Душанбеда у Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон билан учрашиб, Сарез кўлига боради. Кейинги куни Пан Ги Мун Қозоғистонга ташриф буюриб, Жаҳон етакчилари ва анъанавий динлари бешинчи конгрессида иштирок қилади. Пан Ги Мун президент Нурсултон Назарбоев, бош вазир Карим Масимов ва ташқи ишлар вазири Ерлан Идрисовлар билан учрашади. Шунингдек, сенатор Қосим-Жомарт Токаев билан ҳам кўришади”, – деб таъкидланади БМТ Янгиликлар маркази хабарида.

11 июнда Пан Ги Мун Қирғизистонга келади. Бу ерда у тараққиёт ва парламентаризм бўйича халқаро конференцияда қатнашади. Бош котиб ҚР президенти Алмазбек Атамбаев, бош вазир Темир Сариев ва парламент раиси Асилбек Жээнбековлар билан учрашиб, 2010 йилда маълум низолар бўлиб ўтган Ўш шаҳрини бориб кўради. Бу ерда у фуқаролик жамияти вакиллари ва маҳаллий ҳокимият вакиллари билан кўришади.

Пан Ги Мун Ўзбекистонга 12 июнда етиб келади, бу ерда президент Ислом Каримов ва ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камилов билан учрашувлар ўтказади.

Сафар сўнгида бош котиб Туркманистонга бориб, бу ерда давлат раҳбари Гурбангули Бердимухаммед ва бошқа расмий шахслар билан учрашади ҳамда Халқаро гуманитар фанлар ва ривожланиш университети талабалари олдида нутқ сўзлайди.

Янгилик билан ўртоқлашиш: