БМТ бош котиби Ўзбекистонга етиб келди

Дата: 12:37, 12-06-2015.

Тошкент. 12 июн. ЎзТАГ – Куни-кеча Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котиби Пан Ги Мун расмий ташриф билан Тошкентга етиб келди, деб хабар беради Ўзбекистон Республикаси президенти матбуот хизмати.

“Тошкент халқаро аэропортида олий мартабали меҳмонни Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Шавкат Мирзиёев кутиб олди”, - дейилади хабарда.

Қисқа суҳбатдан сўнг БМТ делегацияси Кўксарой мажмуида ўзи учун ажратилган қароргоҳга йўл олди.

Хабарда айтилишича, БМТ Бош котибининг Ўзбекистонга расмий ташрифи доирасидаги асосий тадбирлар 12 июнга мўлжалланган.

Аввал хабар қилингани каби, Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов билан БМТ Бош котиби Пан Ги Муннинг учрашув ва музокаралари чоғида ўзаро ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва истиқболлари, минтақавий ҳамда халқаро аҳамиятга молик долзарб масалалар муҳокама этилиши режалаштирилган.

Шунингдек, ташриф дастурига Бухорога сафар ва унинг қадимий тарихи ва меъморий ёдгорликлари билан танишиш ҳам киритилган.

Янгилик билан ўртоқлашиш: