БМТ бош котибининг махсус маслаҳатчиси Оролбўйи учун Кўпшериклик траст фондини ташкил қилиш режалари ҳақида гапириб берди
Тошкент. 19 июн. ЎзТАГ – Инсон хавфсизлиги масалалари бўйича БМТ Бош котибининг махсус маслаҳатчиси Юкио Такасу Оролбўйи учун Кўпшериклик траст фондини ташкил қилиш режалари ҳақида гапириб берди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
Ташриф давомида Юкио Такасу экологик вазият билан танишиш мақсадида Оролбўйи ҳудудига сафар қилди.
“Биз аҳолининг турмуш тарзини яхшилашда катта натижаларга эришдик, - деди у, - аммо ҳозирда инсон хавфсизлиги масалаларига кўламлироқ ёндашувни қўллаш, ҳамда азият чеккан ҳамжамиятларга кўмак беришда ҳамкорларнинг барчаси ҳаракатларини мувофиқлаштириш талаб этилади. Эндиликда БМТ Тараққиёт дастури томонидан бошқарилаётган Оролбўйи минтақаси учун Инсон Хавфсизлиги бўйича Кўпшериклик жамғарма ташкил этилмоқда. Ўз тарафимдан донорлик ҳамжамияти ва халқаро ҳамкорларни ушбу Кўпшериклик жамғармага қўшилиш имкониятини кўриб чиқишларига чақираман”, - деб иқтибос келтиради Такасудан БМТнинг Ўзбекистондги ваколатхонаси матбуот хизмати.
Бундан ташқари, Оролбўйи ҳудуди учун Кўпшериклик жамғарма доирасида ҳамкорлик қилиш имкониятларини муҳокама қилиш мақсадида Юкио Такасу миллий ва халқаро ҳамкорлар билан қатор учрашувлар ўтказди. Юқори лавозимли меҳмонни Ўзбекистон Республикаси иқтисодиёт вазири Ботир Хўжаев, Ўзбекистон Республикаси хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси Равшан Ғуломов, Швейцария Конфедерациясининг элчиси Оливье Шав, Япония элчиси Нобуаки Ито, Корея Республикаси элчиси Квон Ён У, Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги делегацияси маслаҳатчиси Радослав Дарски ва Жаҳон банкининг катта ходими Сердар Жепбаров қабул қилдилар.
Юкио Такасу мувофиқлаштирилган ва келишилган саъй-ҳаракатлар Оролбўйи минтақаси учун Инсон Хавфсизлиги бўйича Кўпшериклик жамғарма ташкил этишда жуда ҳам муҳим омил бўлади ва бунда Ўзбекистон Республикаси ҳукумати томонидан қабул қилинган мажбуриятлар муҳим роль ўйнайди, дея таъкилади.
Эслатиб ўтамизки, Инсон хавфсизлиги масалалари бўйича БМТ Бош котибининг махсус маслаҳатчиси Юкио Такасу икки халқаро тадбир – жорий йилнинг 5-8 июн кунлари ўтказилган “Марказий Осиёда атроф-муҳит ва барқарор ривожланиш соҳасида ҳамкорликни мустаҳкамлаш” мавзусидаги Марказий Осиё халқаро экологик форум ва 8 июн куни бўлиб ўтган “Орол фожиасининг оқибатларини юмшатиш бўйича ҳамкорликдаги ҳаракатлар: янгича ёндашувлар, инновацион ечимлар, инвестициялар” мавзусидаги халқаро анжуманда иштирок этиш учун Ўзбекистонга ташриф буюрди.
Сурат манбаи: https://news.un.org/ru/story/2014/10/1251011