БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Шавкат Мирзиёевга мактуб йўллади

Дата: 17:39, 01-06-2017.

Тошкент. 1 июн. ЎзТАГ – 10-12 май кунлари расмий ташриф билан Ўзбекистонда бўлган БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Зайд Раад ал-Ҳусайн 31 майда президент Шавкат Мирзиёевга мактуб йўллади, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Ташриф доирасида Зайд Раад ал-Ҳусайнни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев қабул қилди. Зайд Раад ал-Ҳусайн давлат органлари раҳбарлари ва фуқаролик жамияти вакиллари билан қатор учрашув ва музокаралар ўтказди.

Ташриф якунлари бўйича мамлакатимиз ва чет эл журналистлари иштирокида ўтган матбуот анжуманида Зайд Раад ал-Ҳусайн Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари бўйича миллий тизимни халқаро стандартлар билан уйғунлаштириш борасида амалга оширилаётган ислоҳотларга юксак баҳо берди.

“Тошкентда 2017 йил 10 май куни бўлиб ўтган учрашувимиз давомида билдирган очиқ ва самимий фикр-мулоҳазаларингиз учун миннатдорлик изҳор этаман. Шахсан Сиз билан учрашиш шарафига муяссар бўлганимдан ғоят бахтиёрман. Ташрифим доирасидаги тадбирлар юксак даражада ташкил этилгани учун мамлакатингиз ҳукуматига самимий миннатдорлик билдираман.

Ўзбекистонда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш масалаларига шахсан эътибор қаратаётганингиз, жумладан, 2017-2021 йилларга мўлжалланган Ҳаракатлар стратегияси қабул қилингани, суд-ҳуқуқ тизимида ислоҳотлар амалга оширилаётгани, хорижга виза асосида чиқиш тартибини бекор қилиш борасидаги саъй-ҳаракатлар учун Сизга миннатдорлик билдирмоқчиман.

Мамлакатингизга ташрифим Ўзбекистонда инсон ҳуқуқларини ҳар томонлама таъминлашдаги муайян мураккабликларни англаш, мамлакатингиз ҳокимияти, фуқаролик жамияти, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш миллий муассасаси ва халқаро ҳамжамиятга Бошқармамиз кўмак кўрсатиши мумкин бўлган соҳаларни белгилаб олиш имконини берди.

Ўзбекистон мен раҳбарлик қилаётган Бошқарма билан самарали ҳамкорлик қилаётгани учун миннатдорман. Женевадаги қароргоҳимиз ҳамкорлигимизни давом эттиришга тайёрлигидан, менинг Марказий Осиё бўйича минтақавий бўлинмам Ўзбекистонни бевосита қўллаб-қувватлашидан мамнунман”, - дейилади БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари мактубида.

Янгилик билан ўртоқлашиш: