БМТ махсус маърузачиси динлар ва эътиқодлар Ўзбекистон учун таҳдид сифатида кўрилмаслиги зарурлигини таъкидлаб ўтди

Дата: 16:33, 13-10-2017.

Тошкент. 13 октябр. ЎзТАГ – Динлар ва эътиқодлар Ўзбекистон учун таҳдид сифатида кўрилмаслиги зарур, дейилади БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг дин ва эътиқод эркинлиги масаласи бўйича махсус маърузачиси Аҳмад Шаҳиднинг Ўзбекистонга ташриф якунлари бўйича мурожаатида, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

“Турли этник ва диний ҳамжамиятлар биргаликда тинч яшаб келаётган мамлакатда динлар ва эътиқодлар Ўзбекистон учун таҳдид сифатида кўрилмаслиги зарур”, - деб таъкидлади Шаҳид.

Унинг фикрига кўра, “диний экстремизмга қарши барқарорлик дин ёки эътиқодларнинг хилма-хиллиги ва эркинлигини мустаҳкамлаш асосида қурилиши мумкин”.

Шаҳиднинг сўзларига кўра, ҳукумат амалдаги тартиб-қоидаларни халқаро стандартларга мослаштириш мақсадида жорий ислоҳотлар доирасида дин ёки эътиқод эркинлиги соҳасига кўпроқ эътибор бериши керак.

“Зўравонлик экстремизмнинг олдини олиш ёки унга қарши курашиш йўлида дин ёки эътиқод эркинлиги ҳуқуқлари қурбон қилинмаслиги керак. Бу ҳол жорий ислоҳотлар доирасида очилаётган имкониятларни кенгайтиришга эмас, балки қисқартириб юбориши мумкин”, - дея огоҳлантирди махсус маърузачи.

“Ўзбекистон дунёвий давлат эканинига қарамасдан, мамлакатда виждон, фикр, эътиқод ва дин эркинлиги ҳаддан ортиқ тартибга солинади. Диний ҳамжамиятлар фақат рўйхатдан ўтган жойида фаолият юритиши мумкин, ҳукумат эсаҳар қандай диний тадбирларга нисбатан ҳушёр муносабатда бўлади”, - деб таъкидлади Шаҳид.

Махсус маърузачи ташрифи давомида Тошкент, Фарғона, Бухоро, Нукусда бўлиб, жойлардаги давлат ҳокимияти органлари ва мансабдор шахслар билан учрашган, “Жаслиқ” қамоқхонасини бориб кўрган. Шунингдек, у Ўзбекистондаги этник ва диний жамоалар вакиллари, фуқаролик жамияти ташкилотлари, ННТ вакиллари, дипломатик корпус ва БМТ агентликлари вакиллари билан ҳам қатор учрашувлар ўтказган.

Махсус маърузачи ўз хулоса ва таклифларини БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашига 2018 йил мартида тақдим қилади.

Янгилик билан ўртоқлашиш: