БМТ Тараққиёт дастури билан биргаликдаги лойиҳа қишлоқ хўжалик корхоналарига 477 млн. сўм фойда келтирди
Тошкент. 3 март. ЎзТАГ – Самарқанд вилоятининг Пастдарғом туманида БМТ Тараққиёт дастурининг Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги билан ҳамкорликдаги “Зарафшон дарёси ҳавзаси учун Сув Ресурсларини Интеграциялашган ҳолда Бошқариш Режаси ва сув таъминоти” лойиҳасининг натижалари тақдим этилди, дея хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
Лойиҳанинг амалга оширилиши истиқболда фермер ва деҳқон хўжаликларининг сув етишмаслиги сабабли фойдаланишдан чиқарилган 140 гектардаги ерларини яна муомилага қайтариш имконини беради.
Илк ҳисоб-китобларга кўра, ўз вақтида сув бериш натижасида фермер хўжаликларига етказиб берилаётган йиллик сув ҳажмлари ўртача 3,5 млн куб метрга кўпайган, жорий таъмир ҳаражатлари эса 4 маротаба камайган, эксплуатация чиқимлари 82,7 млн сўмдан кўпга озайган ($37,1 минг), деҳқон ва фермер хўжаликлари фойдаси йилига 395 млн сўмга ($177,15 минг) ошган.
Жами фермерлар 477,7 млн сўм фойда олишган. Лойиҳа доирасида сув ҳавзаси таъмирланди, секундига 2 куб метр сув ўтувчи 3,7 кмлик канал қурилди.