БМТ Ўзбекистонда турар жой ва ердан фойдаланишга доир таҳлилий маъруза тайёрлайди

Дата: 17:49, 25-06-2014.

Тошкент. 25 июн. ЎзТАГ – 11-20 июн кунлари Ўзбекистонда БМТнинг Европа иқтисодий комиссияси халқаро экспертлари миссияси меҳмон бўлди. Унинг мутахассислари Ўзбекистонда турар жой хўжалиги ва ердан фойдаланишга доир миллий маърузани тайёрлаш жараёнига жалб этилган, дея хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
Иқтисодиёт вазирлигидан хабар қилишларича, миллий маърузалар ЕИКнинг Турар жой хўжалиги ва ердан фойдаланиш қўмитаси томонидан 1996 йилдан бери тайёрланади. Улар ушбу соҳага доир таҳлил, турар жой хўжалиги ва ердан фойдаланиш соҳасидаги қонучиликни такомиллаштириш бўйича тавсияларни ичига олади.
Миссия ташрифи доирасида ҳукумат томонидан БМТ Тараққиёт дастури ва Жаҳон банки кўмагида “Шаҳарсозлик ва ердан унумли фойдаланиш соҳасида ёндашув ва энг яхши амалиётлар” мавзусида семинар ўтказилди.
Унда мамлакатдаги профилли муассаса ва тадқиқот институтлари мутахассислари иштирокида ер ресурсларини бошқариш, турар жой қуриш, қурилишда замонавий технологияларни жорий этиш каби масалалар муҳокама қилинди.
Шунингдек, миссия ташрифи доирасида Ўзбекистон ҳукумати, БМТнинг Европа иқтисодий комиссияси ва БМТТД ўртасида ўзаро ҳамкорликка доир меморандум имзоланди.
Ўзбекистонда 2009 йилдан бери Қишлоқ жойларда намунали лойиҳалар бўйича уй-жойлар қуриш давлат дастури амалга оширилмоқда. Унинг доирасида кейинги беш йил орасида мамлакатнинг қишлоқ жойларида 900 зиёд янги қишлоқ турар жой мавзелари барпо этилиб, 33,5 минг уйлар қурилди.

Янгилик билан ўртоқлашиш: