БМТТД-ГЭФ Ўзбекистоннинг икки ҳудуди чорвадорлари учун кўчма ихчам уйлар тақдим қилди

Дата: 14:52, 22-09-2017.

Тошкент. 22 сентябр. ЎзТАГ – Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Тараққиёт дастурининг Глобал экология жамғармаси (БМТТД-ГЭФ) томонидан Ўзбекистоннинг ҳудудий чорвадорлари учун кўчма ихчам уйлар тақдим қилди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

ГЭФ маълумотларига кўра, кўчма ихчам уйлар лойиҳа қамраб олган Жиззах вилоятининг Зомин туманидаги фермер хўжалигига ва Бухоро вилоятининг Қоракўл туманидаги чорвадор чўпонга топширилди.

Чорвадорлар доимо уйлари ва маиший қулайликлардан олисда бўлишади. Чорвадорлар мавсум давомида уч-тўрт марта кўчиб юради ва ҳар сафар ўзлари билан янгидан уйча қуриш учун зарур бўладиган қурилиш материалларини ва асбоб-ускуналарини олиб юради.

Лойиҳа томонидан топширилган мобил уй тиркама сифатида, кўчириб олиб юришга мослаштирилган. Улар яйлов–чўл ҳудудларининг хоҳлаган қулай жойда ўрнатилиб, чўл ҳудудида чорвадорлар учун замонавий яшаш шароитини яратиши мумкин.

Ихчам мобил уйда уч кишининг яшаши ва ишлаши вақтида бирламчи маиший эҳтиёжларини қондириш учун зарур бўладиган барча шароитлар тўлиқ яратилган. Тиркама уйда чорвадорларнинг дам олиши, ухлаши ва овқатланишига етарли жой, икки бўлмали газ плитаси, кичик музлатгич, қўл ювиш жиҳози, озиқ-овқат маҳсулотлари ва шахсий буюмларни сақлаш учун шкаф-тумбалар мавжуд.

Кўчма уйнинг том қисмида 150 ватт кучига эга қуёш батареяси ўрнатилган бўлиб, у уйнинг ички ва ташқарисидаги чироқларни ёритиш, кичик музлатгич, маиший жиҳозлар ва қўл ювиш жиҳозига сув узатадиган насосни ишлаши учун етарли миқдорда электр энергия ишлаб чиқаради.

Бундан ташқари, чорвадорлар энди  қурилиш материалларини ва асбоб-ускуналарини олиб юриш шарт эмас. Чунки мобил уйларда барча шароитлар яратилган. Бу эса экологик жиҳатдан ҳам фойдали бўлиб, биохилмахилликни сақлаб қолишга имкон беради.

Янгилик билан ўртоқлашиш: