БМТТД ва Sasol Ўзбекистоннинг қишлоқ жойларида метеостанциялар ўрнатишни молиялаштиради

Дата: 15:30, 22-11-2016.

Тошкент. 22 ноябр. ЎзТАГ – БМТнинг Тараққиёт дастури (БМТТД) ва Sasol компанияси Ўзбекистоннинг қатор қишлоқ жойларида метеостанциялар ўрнатишни молиялаштиради, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Мазкур ташаббусдан кўзланган мақсад ахборот технологияларини қўллаш, деҳқончилик жараёнларини автоматлаштириш, хўжалик бошқаруви ва режалаштиришини мақбуллаштириш орқали қишлоқ хўжалиги самарадорлигини оширишдан иборат.

“Метеостанция махсус датчиклар ёрдамида ҳаво шароитлари кузатилади. Уларнинг натижалари асосида агротехник тадбирларга ўзгаришлар киритилади, ҳаво шароитларига олдиндан тайёргарлик кўрилиб, экув жараёнини самарали ўтказишга эришилади”, - деб таъкидлашди БМТТД Тошкентдаги идорасида.

Метеостанциялардан фойдаланишдаги афзалликларга қарамай, бугунги кунда улар Ўзбекистонда у қадар кенг қўлланмайди. Лойиҳа доирасида Тошкент вилоятида тўртта метеостанциянинг ўрнатилиши режалаштирилган бўлиб, улар 600 гектарга яқин ҳудудни ҳамда унда жойлашган ўртача 60та боғдорчилик ва уй хўжаликларини қамраб олади.

Фермерлар боғдорчилик соҳасида консалтинг хизматларини тақдим этадиган ҳамкор ташкилот ёрдамида телефонларида метеорология маълумотлари ҳамда олма, шафтоли, гилос ва узум каби мевали дарахтлар учун кўрилиши керак бўлган зарур агротехник чоралар кўрсатилган СМС-хабарларни олишлари мумкин.

Бундан ташқари, йирик фермер хўжаликларини ўз боғлари ҳудудида метеостанциялардан фойдаланиш бўйича ўқитиш режалаштирилган.

Лойиҳа экспертларининг айтишича, метеостанциялардан оқилона фойдаланиш ўсимликлар ҳимояси ва меҳнат учун ҳақ тўлаш билан боғлиқ ҳаражатларни сезиларли даражада камайтиради. Метеорологик маълумотларнинг тўпланиши ва мониторинг қилиниши аниқ ҳудуд учун микроиқлимий шароитларни аниқлаш имконини бериб, агротехнологияларнинг тўғри ва самарали танланишига хизмат қилади.

Метеостанциялар ўрнатилиши – “smart farm” (“ақлли ферма”) ғоясини амалга ошириш йўлидаги дастлабки қадам бўлиб, унда хўжалик, жумладан чорвачилик юритишнинг тўлиқ автоматлаштирилган жараёни кўзда тутилади. Мазкур ташаббуснинг Ўзбекистондаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ҳажми ва сифатини ошириш мақсадида ахборот технологияларини қўллаш орқали аниқ деҳқончиликни ривожлантириш учун асос яратиши кутилмоқда.

Янгилик билан ўртоқлашиш: