БМТТД Ўзбекистонда боғдорчилик самарадорлигини ошириш бўйича семинарлар ўтказади

Дата: 14:59, 06-10-2016.

Тошкент. 6 октябр. ЎзТАГ – Октябр ойида БМТ Тараққиёт дастури (БМТТД) республиканинг олти вилоятида фермерлар учун амалий семинарлар туркумини ўтказади, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

“Қарийб 600 нафар фермерлар олма боғларига ишлов беришнинг замонавий технологияларига оид билимларини ошириш, шунингдек, боғдорчилик самарадорлигини ошириш бўйича амалий кўникмаларини ривожлантириш имкониятига эга бўладилар. Семинарлар давомида Ўзбекистон шароитида юқори ҳосилдорликка эришиш учун боғдорчиликнинг интенсив усулларини тўғри жорий этиш масалалари кўриб чиқилади”, - деб таъкидлашди БМТТД Ўзбекистондаги ваколатхонасида.

Семинарларнинг назарий ва амалий қисмларга бўлиниши иштирокчилар учун олинган билим ва кўникмаларини амалиётда мустаҳкамлаш имконини беради.

Семинарларнинг барча иштирокчилари Ўзбекистон шароитида интенсив усуллар бўйича олма етиштиришга оид махсус ишланган амалий қўлланмаларга эга бўладилар ва уларда амалда юзага келадиган кўплаб саволларига жавоб оладилар.

Амалий семинарлар Қашқадарё, Самарқанд, Фарғона, Андижон, Наманган ва Тошкент вилоятларидаги фермерлар учун тасдиқланган дастурга биноан ташкил этилади.

Хусусан, амалий семинарларнинг ўтказилиши олма етиштириш, қишлоқ хўжалигига замонавий усулларни жорий этиш ва интенсив боғдорчилик усуллари ҳисобига боғлар ҳосилдорлигини ошириш бўйича фермерларнинг билимларини ошириши кутилмоқда.

Келгусида ушбу такомиллашувлар қишлоқ ҳудудларидаги аҳоли учун янги иш ўринларини яратиш, уларни барқарор даромад билан таъминлаш, турмуш шароитини яхшилаш, шунингдек, Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги секторининг халқаро бозордаги рақобатбардошлигини ошириш йўлида янги имкониятларни ҳосил қилади.

Янгилик билан ўртоқлашиш: