БМТТДнинг Ўзбекистондаги вакили тайинланди

Дата: 17:40, 03-08-2017.

Тошкент. 3 август. ЎзТАГ – Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камилов БМТ Резидент-координатори, БМТ Тараққиёт дастурининг Ўзбекистондаги Доимий вакили этиб тайинланган Ҳелен Фрейзерни қабул қилди. Бу ҳақида республика ТИВ матбуот хизмати хабар қилди.

“Ҳелен Фрейзер ўзининг Ўзбекистонга тайинлангани тўғрисидаги БМТ Бош котиби Антониу Гуттерришнинг мактубини Вазирга топширди”, - дейилади пайшанба кунги хабарда.

Мулоқот давомида икки томонлама муносабатларнинг ҳолати ва уларни ривожлантириш истиқболлари муҳокама қилинди. “Қайд этилганидек, БМТ Бош котиби Антониу Гуттерриш ҳамда БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Зайд Раад ал-Ҳусайннинг мамлакатимизга ташрифлари ҳамда уларнинг Президент Шавкат Мирзиёев билан самарали музокаралари БМТнинг Ўзбекистонга ва бутун Марказий Осиё минтақасига эътибори кучайганидан далолат беради”, - дейилади хабарда.

“БМТ Ваколатхонасининг янги тайинланган раҳбарига 2017-2020 йилларда Ўзбекистон ва БМТ ўртасидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш бўйича Дастур (“Йўл харитаси”) лойиҳаси кўриб чиқиш учун тақдим этилди ҳамда унинг асосий бандлари бўйича тушунтириш берилди”, - дея таъкид қилинади хабарда.

Учрашувда айрим глобал ва минтақавий масалалар, жумладан БМТ шафелигида Ўзбекистонда бўлиб ўтадиган халқаро конференция кун тартиби юзасидан фикр алмашилди.

Янгилик билан ўртоқлашиш: