Бобур номидаги экопарк очилганидан кейин икки кун ўтиб вақтинчалик ёпилди
Тошкент. 14 июн. ЎзТАГ – Тошкентдаги Бобур номидаги Марказий экопарк расман очилганидан кейин икки кун ўтиб вақтинчалик ёпилди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
UZ24 хабарига кўра, “ёпилишга боғни кўкаламзорлаштириш бўйича қўшимча ишларни амалга ошириш ва суғориш тизимини ўрнатиш сабаб бўлган”. “Ҳозирда янги автоматлаштирилган суғориш тизими жорий этилиб, “Севги ороли”да кўчат ва гуллар ўтқазилмоқда, югуриш ва велосипед йўлакларини бўяш ишлари якунига етказилмоқда”, - деб аниқлаштиришди Газета.uzга парк маъмуриятида.
Парк меҳмонлар учун 19 июнда яна очилади.
Эслатиб ўтамизки, эски ҳайвонот боғи ўрнидаги янгиланган экопарк 10 июнда очилган эди. Паркда югуриш ва велойўлакчалар, пляж волейболи учун майдонча, бадминтон майдончаси мавжуд, тренажерлар ўрнатилган.