Бокс бўйича Ўзбекистон термаси Махачкаладаги халқаро турнирда 7 медалларни қўлга киритди

Дата: 21:26, 16-09-2015.

Тошкент. 16 сентябр. ЎзТАГ – Бокс бўйича Ўзбекистон термаси Махачкаладаги (Доғистон, Россия) халқаро турнирда 7 медалларни қўлга киритди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ) МОҚ матбуот хизмати хабарига асосланган ҳолда.

Маълумотга кўра, ўзбек терма жамоаси ҳисобига олтин медални Абдулхай Шораҳматов (-56 кг) турнир финалида россиялик Ахмед Абдуллаевни 3:0 ҳисобида енгиб келтирди.

Бундан ташқари, Абдулла Қўчқоров (-49 кг) 1:2 ҳисобида қийин курашда КХДРлик Ын Сон Кимга енгилди, Азизбек Отажонов (-52 кг) озарбайжонлик Магомед Ибиевга 1:2 ҳисобида бой берди, Анвар Туропов (-64 кг) 0:3 ҳисобида россиялик Шахабас Махмудовга, Акмалбек Қосимов (-75 кг) Андрей Ковальчукка (0:3) ва Улуғбек Мубинов (+91 кг) яна россиялик Шигабудин Алиевга шу ҳисобда енгилди.

Сардор Музаффаров (-56 кг) эса мусобақанинг бронза медали билан тақдирланди

Шундай қилиб, Ўзбекистон терма жамоаси 1 та олтин, 5 та кумуш ва 1 та бронза медалини қўлга киритган ҳолда умумжамоа ҳисобида иккинчи ўринни эгаллади. Биринчи ўринга Россия терма жамоаси сазовор бўлган бўлса, учинчи ўринни КХДР терма жамоаси банд этди.

Эслатиб ўтамизки, жорий йилда халқаро турнир 17марта ўтказилди. Унда 16 давлат: (Ўзбекистон, Австралия, Польша, Озарбайжон, Қозоғистон, Латвия, Молдавия, Украина, Белоруссия, Арманистон, Тажикистон, Испания, КХДР, Швеция, Эстония, шунингдек, Россиянинг турли худудларидан 198 нафар боксчи иштирок этди.

Янгилик билан ўртоқлашиш: