Бокс бўйича жаҳон чемпиони Нанкинда Ўзбекистон термасининг байроқдори бўлади
Тошкент. 5 август. ЎзТАГ – Бокс бўйича ўсмирлар ўртасидаги амалдаги жаҳон чемпиони Бектемир Мелиқўзиев жорий йилнинг 16-28 август куни Нанкин шаҳрида (Хитой) ўтказиладиган II ўсмирлар ёзги олимпиада ўйинларининг очилиш тантаналарида Ўзбекистон байроқдори бўлади, дея хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
Миллий Олимпия қўмитасининг маълумотларига кўра, ўсмирлар ўртасидаги амалдаги жаҳон чемпиони Бектемир Мелиқўзиев фарғона бокс мактабининг тарбияланувчиси ҳисобланади. Спортчи халқаро майдондаги илк муваффақиятини 2012 йил Боку шаҳрида (Озарбойжон) ўтказилган мусобақада қўлга киритган. Шундан сўнг у Россия, Таиланд, Сербия, Озарбойжон каби қатор давлатларда ўтказилган халқаро мусобақаларда совриндорлар сафидан ўрин эгаллаган эди.
Жорий йлда Бектемир Бангкок шаҳрида (Таиланд) ўтказилган Осиё чемпионатида шохсупанинг энг юқори поғонасига кўтарилди, апрелда эса София шаҳрида (Болгария) бўлиб ўтган Жаҳон чемпионатида ҳам барча рақибларини мағлуб этиб, олтин медалга сазовор бўлди.
2010 йили Сингапурда бўлиб ўтган I-ўсмирлар ёзги олимпиада ўйинларининг очилиш маросимида Ўзбекистон байроқдори боксчи Сардорбек Бегалиев бўлган эди.
Эслатиб ўтамизки, Нанкиндани II ўсмирлар ёзги олимпиада ўйинларида Ўзбекистон шарафини 28 спортчи ҳимоя қилиб, улар спортнинг 14 турида иштирок этадилар. Жами ўйинларда 3,787 спортчи қатнашади.


