Бокудаги Grand Slam турнири Ўзбекистонга учта бронза медали олиб келди

Дата: 13:07, 12-05-2014.

Тошкент. 12 май. ЎзТАГ – Ўзбекистон дзюдочилари Бокудаги Grand Slam турнирида уч бронза медали совриндори бўлишди. Медаллардан иккитаси эса турнирнинг якунловчи куни – 2014 йилнинг 11 майида қўлга киритилди, дея хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
Ўзбекистон Дзюдо федерацияси матбуот хизматидан хабар беришларича, сўнгги икки бронза 100 кггача бўлган вазн тоифасида олинган. Медаллар Рамзиддин Саидов ва Соиб Қурбоновлар томонидан қўлга киритилди.
Рамзиддин Саидов қозоғистонлик таниқли спортчи собиқ жаҳон чемпиони Максим Раковга енгилди. Ўз навбатида кейинги баҳсда Саидов Россиялик дзюдочини енгиб, бронза медалини олди.
Соиб Қурбонов эса “бронза” йўлида Бирлашган Араб Амирликларидан келган курашчини енгди.
Жами Ўзбекистон терма жамоаси спортчилари Боку турниридан учта бронза медаль, битта бешинчи ва битта еттинчи ўрин билан қайтишди.
Бундан бир оз илгари ушбу турнирда ўзбекистонлик курашчи Шарофиддин Лутфиллаев 60 кггача бўлган вазн тоифасида “бронза”ни олганлиги ҳақида хабар қилган эдик.
Grand Slam (“Катта шлем”) турнири Озарбайжон пойтахти Боку шаҳрида 9-11 май кунлари бўлиб ўтди. Турнирда 41 мамлкатдан келган 247 спортчи иштирок этди.

Янгилик билан ўртоқлашиш: