Бордюжа Тожикистонга ҳавф таҳдид қилган ҳолда ЖҲШТ кучлари 2 кун ичида ёрдамга келишини маълум қилди

Дата: 12:04, 21-05-2015.

Тошкент. 21 май. ЎзТАГ – Тожикистон чегараларига таҳдид пайдо бўлган ҳолда Жамоавий ҳавфсизлик шартномаси ташкилоти (ЖҲШТ) кучлари бир неча кун ичида республикага тегишли ёрдамни кўрсатади. Бу тўғрисида ушбу ташкилот бош котиби Николай Бордюжа маълум қилди, деб хабар беради Тожик телеграф агентлиги (ТожикТА).

“Ноодатий ҳолат юзага келганда Афғонистон билан энг узун чегарага эга бўлган Тожикистонга икки кун ичида барча зарур қуролларга эга бўлган қўшинлар етиб келади”, - деди яқинда Н.Бордюжа ЖҲШТ Хавфсизлик кенгаши котиблари қўмитаси йиғилишида. Ушбу йиғилиш Тожикистоннинг шимолидаги Қайроққум шаҳрида бўлиб ўтган.

“Афғонистондаги вазият ҳар қандай ҳолатда Тожикистондаги ҳавфсизликка таъсир қилади. Биз бундан келиб чиқиб барча зарур чораларни кўрмоқдамиз”, - деб таъкидлади.

Шунингдек, у Тожикистонга ЖҲШТ ҳарбий кучларини тезкор равишда етказиш ишлари оператив жавобга тайёр жамоавий кучлар ҳарбий тайёргарлигини текшириш доирасида машқ қилинганини ҳам таъкидлади. Бу машқ 19 майда тожикистондаги “Харбмайдон” полигонида бўлиб ўтган.

Унда ташкилотга аъзо мамлакаларга мансуб 2,5 минг аскар ва офицерлар иштирок этган. Машқда улар Афғонистон ҳудудидан бостириб кирган толиблар хужумини қайтаришлари зарур бўлган.

Маълумот ўрнида, ЖҲШТга Арманистон, Беларусь, Қозоғистон, Қирғизистон, Россия ва Тожикистон киради.

Янгилик билан ўртоқлашиш: