“Босфор хабарлари” “Samarkand city” қурилиши ҳақида мақола чоп этди

Дата: 18:59, 11-08-2017.

Тошкент. 11 август. ЎзТАГ – Туркиянинг “Босфор хабарлари” ҳафталик нашри “Ўзбекистонда “Samarkand city” қурилмоқда” номли мақола чоп этди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Бу ҳақида Туризмни ривожлантириш қўмитаси хабар бермоқда. Мақолада Самарқандда замонавий меҳмонхоналар, коттежлар, қўнгилочар ва савдо муассасалари бўлган “Samarkand city” туристик ҳудуди ташкил этилиши ҳикоя қилинган.

Бундан ташқари, авиа ва темирйўл транспорти хизматини яхшилаш, авиарейслар сонини ошириш ва “Afrosiyob” тезюурар поезди қатновини кўпайтириш, умумий овқатланиш тизимини такомилаштириш ва сайёҳларнинг тунги дам олиши учун шароитлар яратиш кўзда тутилгани айтиб ўтилган.

Материалда Самарқанд ҳудудини ободонлаштириш шаҳарнинг янги планини тасдиқлаш, туристик инфраструктура объектларида банкомат ва терминаллар ўрнатишни, сайёҳлар кўп борадиган жойларда Wi-Fi-ҳудудлари барпо этишини назарда тутиши таъкидлаб ўтилган.

Шунингдек, ҳудудда зиёрат туризмини ривожлантириш ва Самарқандга зиёратчи сайёҳлар оқимини оширишга алоҳида эътибор қаратилади. Пайариқ туманидаги “Имом ал-Бухорий”, Нуробод туманидаги “Ҳазрати Довуд, Ургут туманидаги “Ғавсул Аъзам” зиёратгоҳларини ободонлаштириш ва реставрация қилиш ҳам режалаштирилган.

Эслатиб ўтамизки, “Босфор хабарлари” ҳафталик нашри Туркияда 2006 йилдан бери чоп этилади ва рус тилидаги энг оммабоп нашрлардан саналади. Нашр дипломатик корпус, “Турк авиалиниялари” компанияси авиарейслари, Истамбулнинг нуфузли доиралари орасида тарқатилади.

Янгилик билан ўртоқлашиш: