Бош прокуратура Нурхон Нафасовга нисбатан жиноий иш очилганини ҳақидаги баёнотни рад этди

Дата: 10:06, 24-01-2019.

Тошкент. 24 январ. ЎзТАГ – Бош прокуратура Миллий олимпиа қўмитасининг (МОҚ) Каратэ миллий федерациясининг собиқ раҳбари Нурхон Нафасовга нисбатан жиноий иш очилганини ҳақидаги баёнотни рад этди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Куни кеча, 23 январда МОҚнинг расмий сайтида “Яна ўша хатони қилди. Нурхон Нафасовга нисбатан жиноий иш очилди”, номли мақола чоп этилди.

Мазкур хабар бўйича Бош прокуратура матбуот хизмати шуни қатъиян маълум қиладики, қўзғатилган жиноят ишлари ва олиб борилаётган тергов ҳаракатлари юзасидан расмий маълумотлар фақатгина бу борада мутасадди тергов ва назорат қилувчи органлар томонидан берилади.

Шунингдек, таъкидлаш зарурки, дастлабки терговнинг ҳолатлари ва унга жалб қилинган шахслар ҳақида кенг жамоатчиликка турли талқиндаги хабарларни тарқатиш Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 26-моддасида белгиланган айбсизлик презумпцияси қоидаларига зид ва бундай ҳолатлар ўзгаларнинг шаъни ва қадр-қимматига путур етказиши мумкин.

Шундан кейин маълум қилинишича, Тошкент шаҳар прокуратураси томонидан Ўзбекистон каратэ миллий Федерациясининг қатор мансабдор шахсларига нисбатан қўзғатилган жиноят иши бўйича тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

“Ҳозирда мазкур жиноят иши юзасидан аниқланган ҳолатлар бўйича бирор-бир шахс, хусусан Н.Нафасов гумонланувчи ёки айбланувчи тариқасида ишда иштирок этишга жалб қилинмаган”, - деб хулоса қилинади назорат муассасасининг хабарида.

Эслатиб ўтамиз, МОҚ ўз хабарида Каратэ миллий федерациясининг собиқ раҳбари Нурхон Нафасовни 125,5 млн сўмни ўмарганликда айблади. Шу муносабат билан, дейилади МОҚ хабарида, Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти томонидан Н. Нафасовга нисбатан жиноий иш очган.

Сурат манбаи: https://www.gazeta.uz

Янгилик билан ўртоқлашиш: