Бош прокуратурада вояга етмаганлар муаммолари муҳокама қилинди
Тошкент. 5 июл. ЎзТАГ – Бош прокуратурада вояга етмаганлар муаммолари муҳокама қилинди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
Хусусан, бу ҳақида Вояга етмаганлар ишлари бўйича республика идоралараро комиссияси томонидан Бош прокуратура билан ҳамкорликда ташкил этилган “Вояга етмаганлар ўртасида назоратсизлик ва жиноятчиликнинг барвақт олдини олишдаги долзарб вазифалар ҳамда устувор йўналишлар: миллий ва халқаро тажриба” мавзусида конференцияга сўз борди.
“Конференция ишида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Сенати аъзолари, Қонунчилик палатаси депутатлари, БМТнинг Болалар фонди (ЮНИСЕФ) вакиллари, Бош прокуратура, Адлия, Халқ таълими, Ички ишлар, Жисмоний тарбия ва спорт, Маданият, Олий ва ўрта-махсус таълим вазирликлари, бошқа давлат ва нодавлат ташкилотларнинг вакиллари, вояга етмаганлар ишлари бўйича идоралараро комиссияларнинг масъул котиблари, шунингдек оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этдилар. Тадбир давомида вояга етмаганлар ўртасида назоратсизлик ва жиноятчиликнинг барвақт олдини олишдаги долзарб вазифалар ҳамда устувор йўналишлар каби масалалар муҳокама қилинди”, - дейилади Бош прокуратура матбуот хизматининг хабарида.
Мамлакатда вояга етмаганларни ҳар томонлама камол топиши учун яратилаётган имкониятлар уларни бағрикенглик, тинчликсеварлик, халқимизнинг бой тарихий меросини қадрлаш, шунингдек ўз қарашларига эга бўлган, ҳар томонлама мустақил фикрлайдиган, жамият, давлат ва оила олдида ўз жавобгарлигини тўлиқ ҳис этадиган фуқароларни тарбиялашга қаратилганлиги таъкидланди.
“Конференцияда ёш авлоднинг жисмонан соғлом, ақлан етук ва маънан баркамол бўлиб етишиши учун юрт келажагига бефарқ бўлмаган ҳар бир фуқаронинг масъул эканлигини кенг тарғиб қилиш ҳамда уларнинг бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш, содир этилаётган ҳуқуқбузарлик ва жиноятларнинг туб сабабларини аниқлаш юзасидан тавсиялар ишлаб чиқилди”, - деб хулоса қилинади хабарга.
Сурат манбаи: http://protoday.uz/uz/14135742


