Бойсунда $5,27 млрдлик янги газ-кимё мажмуаси 2022 йил охиригача ишга туширилади

Дата: 11:31, 01-05-2019.

Тошкент. 1 май. ЎзТАГ – Сурхондарё вилоятининг Бойсун туманида $5,27 млрдга янги газ-кимё мажмуаси 2022 йил охиригача ишга туширилади, дея хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

"$5,27 млрдлик лойиҳани икки босқичда амалга ошириш режалаштирилган. Биринчи босқичда - 2018-2022 йилларда йиллик қуввати йилига 5 млрд кубометр бўлган қайта ишлаш заводини қуриш режалаштирилмоқда. 2023-2025 йилларга мўлжалланган иккинчи босқичда йилига 1,5 млрд кубометр газни қайта ишлаш йўли билан йилига 500 минг тонна полимер маҳсулотларини ишлаб чиқариш қувватига эга газ-кимё мажмуасини қуриш режалаштирилган. Лойиҳани амалга ошириш натижасида 2,2 мингта иш ўринлари яратилади", - дейилади давлатимиз раҳбари матбуот хизмати хабарида.

Таъкидландики, бугунги кунда газ конида 3D сейсмик қидирув ишлари давом этмоқда, 7 та баҳоловчи қудуғини бурғулаш ишлари олиб борилмоқда.

"Лойиҳа мамлакат жанубий ҳудудларини комплекс ривожлантиришга имкон беради, бу ёнилғи-энергетика, кимё саноати, қурилиш саноати ва транспорт инфратузилмасини ривожлантириш учун яна бир туртки бўлади", - дейилади хабарда.

Ш. Мирзиёев лойиҳанинг амалга оширилиш натижалари билан танишди ва геология-разведка ишларини жадаллаштириш ва соҳани ривожлантиришни, ташқи инфратузилмани ва газни қайта ишлаш заводини қуришни топширди.

Шунингдек, Сурхондарёда 900 мегаваттлик иссиқлик электр станциясини қуриш, Бойсун тумани аҳолисини ичимлик суви билан таъминлаш ва муҳандислик тармоқларини модернизация қилиш лойиҳалари бўйича тақдимот бўлиб ўтди.

Бундан ташқари, давлатимиз раҳбари катта авлод вакиллари билан учрашув ўтказди.

Суҳбат жараёнида Бойсун туманини ривожлантиришда инвестицияларни жалб қилиш ишлари, Сурхондарё вилояти ва бутун мамлакатни ривожлантиришга, минтақада муҳим ижтимоий-иқтисодий лойиҳаларни амалга оширишга, аҳолининг турмуш даражаси ва ёшларнинг маънавиятини яхшилашга қаратилган сармояларни жалб қилиш бўйича олиб борилаётган ишлар ҳақида сўзлаб берди. Бу нафақат иқтисодиётни ривожлантириш, балки маънавий ва маданий соҳаларга ҳам эътиборни кучайтириш, келажакда бахшичилик санъатини кенг тарғиб қилишни ҳам таъкидлади.

Сурат манбаи: president.uz

Янгилик билан ўртоқлашиш: