Британ кенгаши ўзбек телебошловчиларини тайёрлашга ёрдамлашади

Дата: 10:37, 04-12-2015.

Тошкент. 4 декабр. ЎзТАГ – Британия Кенгашининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси ва Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси (МТРК) инглиз тилини ўргатиш услубиёти бўйича чуқур билимга эга телебошловчиларни биргаликда тайёрлашни режалаштирмоқдалар, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Бу ҳақида МТРК раҳбариятининг Британия Кенгашининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари жаноб Марк Кросси билан учрашувда сўз кетди. МТРКдан хабар қилишларича, таълим дастурлари бошловчилари “Bolajon” болалар телеканали учун зарур. Бу ишга Ўзбекистон Жаҳон тиллари университети ва Ўзбекистон Санъат ва маданият институти мутахассислари жалб этилиши мумкин.

Учрашув давомида инглиз тилини ўргатиш услубиёти бўйича кенг билимларга эга бошловчилар педагогик билимлар билан бирга болалар психологияси ва актёрлик маҳоратидан ҳам бохабар бўлишлари мақсадга мувофиқлиги таъкидлаб ўтилди. Шу билан бирга, бундай маҳоратли бошловчиларни тайёрлаш эса узоқ муддатга мўлжалланган мақсадли дастурларни ишлаб чиқишни тақозо этади.

Бундан ташқари, “Yoshlar” телерадиоканали учун биргаликда теледастурлар тайёрлаш муҳокама қилинди.

Маълумот ўрнида, 2012 йилда Ўзбекистон Республикаси президентининг “Чет тилларни ўрганиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинган. Унинг доирасида 2014 йилда томонлар Тошкент шаҳридаги Британия мактаби тарбиячилари ва тарбияланувчилари иштирокида инглиз тилини ўқитишга йўналтирилган иккита телекўрсатув суратга олишни амалга оширдилар, шу йилда эса “English is fun” номли теледастурни тайёрладилар.

Янгилик билан ўртоқлашиш: