Бугун кечқурун Тошкентнинг “Бунёдкор” жамоаси Эроннинг “Фулад” клубини қабул қилади
Тошкент. 19 март. ЎзТАГ – Бугун пойтахтдаги “Пахтакор” марказий стадионида Осиё чемпионлар лигасининг учинчи тур ўйинида тошкентнинг “Бунёдкор” командаси Эроннинг “Фулад” клуби билан ўйнайди, дея хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
“Фулад” клуби делегацияси Тошкентга ўйинга яхшироқ тайёрланиш мақсадида якшанба куни эрталаб учиб келди. Ўйинни Қувайтлик ФИФА ҳаками бошчилик қиладиган халқаро ҳакамлар бригадаси бошқаради”, - деб хабар беришди пойтахт жамоаси матбуот хизматида.
“Биз “Бунёдкор” кучли жамоа эканлигини биламиз, ўзбек футболи ҳам Осиёда обрўга эга. Аммо биз муваффақиятли учрашувлар сериясини давом эттириб, ғалаба қозонишга ҳаракат қиламиз. Бироқ, турнир жадвалидаги вазиятдан келиб чиққан ҳолда, дуранг ҳам бизга қўл келади. Ҳатто мағлубият ҳам фожеа эмас. Буни футбол дейди, кимдир ютади, кимдир ютқазади. Биз учун ҳозир асосийси мамлакат чемпиони бўлиш. Кейин эса Осиё чемпионлар лигасида муваффақиятли қатнашиш ҳақида ўйлаб кўрамиз”, - деди эронлик жамоанинг бош мураббийси Хусайн Фароқий.
“Бизни қийин кураш кутмоқда. Эронлик жамоа барқарор ўйин кўрсатмоқда. Лекин “Бунёдкор” командаси ҳам ундан қолишмайди. Биз “Фулад” ўйинини ўргандик. Рақибнинг техникаси кучли ва тезкор ўйинчилари кўп. Стандарт вазиятлардан ҳам яхши фойдаланишади. Лекин чекинишга йўл йўқ. Биз нима қилиб бўлса ҳам ғалаба қозонишимиз керак. Заҳира ўйинчиларимиз, афсуски, кўп эмас. Мавсум орасида бир неча етакчи ўйинчилар клубни тарк этишди. Янги таркиб бир-бирига ўрганиши учун вақт керак. Эртага хужумкор футбол кўрсатиш ва мухлисларни қувонтиришга ҳаракат қиламиз”, - деб таъкидлади “Бунёдкор” бош тренери Миржалол Қосимов.