Бугун Тошкентда “Intellect2All” IT-лойиҳалари конкурсининг финали бўлиб ўтади

Дата: 10:38, 14-09-2015.

Тошкент. 14 сентябр. ЎзТАГ – Бугун Тошкентда ICTWEEK Uzbekistan 2015 Ахборот-коммуникация технологиялари ҳафталиги доирасида “Intellect2All” IT-лойиҳалари республика конкурсининг финал босқичи бўлиб ўтади, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Ёшлар ташаббуслари марказидан хабар қилишларича, конкурс “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати ва Тошкент Ахборот технологиялари университети кўмагида ташкил этилган.

Конкурс ахборот технологиялари соҳасида ёшларнинг интеллектуал салоҳиятларини намойиш этиш, ривожлантириш, қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантиришга қаратилган. Танловда 15 ёшдан 30 ёшгача бўлган барча ахборот технологияларига қизиққан, ўзининг илғор ғояларини амалга оширишга уринаётган ўғил-қизлар иштирок этишлари мумкин.

Конкурс “Веб-иловалар”, “Мобил ишланмалар” ва “Виртуал ҳаёт учун иловалар ишланмаси” (Oculus Rift ва Google Cardboard учун иловалар) йўналишларида ўтказилади.

Республика ҳудудларида бўлиб ўтган саралаш босқичида 23 лойиҳа финалга йўлланма олди. Бундан ташқари, 4-15 августда 35 финалчи “Юрт келажаги” таълим лагерида бўлиб, 10 кун давомида лойиҳаларини такомиллаштирдилар.

4-кунлик республика босқичида ахборот технологиялари бўйича етакчи мутахассислардан маҳорат дарслари, лойиҳалар устида иш ва уларнинг тақдимоти ўтказилади.

Шунингдек, бу ерда ахборот технологиялари кўргазмаси ўтказилиб, замонавий инсталляциялар тақдим этилади, Xbox ўйин ҳудудлари ўрнатилади, Ўзбекистонда илк бор OculusRift, GoogleCardboard, SamsungGearVR русумидаги виртуал иловалар кўргазмаси ташкил қилинади.

Республика босқичида конкурснинг бош соврини учун 20 жамоа беллашади. Конкурснинг соврин жамғармаси финалчилар орасида бўлинади.

17 сентябрда “Intellect2All” финали ғолибларини тақдимлаш маросими бўлиб ўтади. Танлов лауреатлари эсталик совғалари ва ўз лойиҳасини амалга ошириш учун пул мукофоти билан тақдирланадилар.

Янгилик билан ўртоқлашиш: