Бугун Жамоавий хавфсизлик тўғрисидаги шартнома ташкилоти мамлакатлари ўқувлари ниҳоясига етмоқда

Дата: 18:20, 18-07-2014.

     Тошкент. 18 июл. ЎзТАГ - Бугун Жамоавий хавфсизлик тўғрисидаги шартнома ташкилоти мамлакатлари (ЖҲШТ) ўқувлари ниҳоясига етмоқда. Унинг бир қисми сифатида Марказий Осиёдаги “экстремистлар” зарарсизлантирилди, дея хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

     “Рубеж-2014” деб номланган кенг кўламли ўқувлар душанба куни бошланган эди. Унга Арманистон ва Беларусиялик мутахассислар кузатувчи сифатида таклиф этилди.
     Кеча эса Россия ва бошқа ЖҲШТ мамлакатлари кучлари ўқув операциясида қатнашдилар ва унинг доирасида Марказий Осиёдаги халқаро экстремистик гуруҳни “зарарсизлантирдилар”.
     “Машқ режасига кўра ҳудудлардан бирида разведка томонидан халқаро террористик ташкилотлардан бирининг фаол ҳаракатланаётганлиги, ҳарбий лагерлар, қурол яроғ ва наркотиклар омборларига эгалиги ошкор бўлди. Улар аҳолини қўрқитиб, ўз сафларига ёллашга уриндилар. Қўмондонлик томонидан ноқонуний гуруҳни ўраб олиб, артилерия ва авиация ёрдамида йўқ қилишга қарор қилинди”, - деб хабар берди Марказий ҳарбий округ қўшинлари қўмондони ёрдамчиси полковник Ярослав Рощупкин.
     Эслатиб ўтамизки, Жамоавий хавфсизлик тўғрисидаги шартнома 1992 йил 15 майда Тошкентда Арманистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Россия, Тожикистон ва Ўзбекистон томонидан имзоланган эди. Кейинчалик унга Озарбайжон, Грузия ва Беларусия қўшилди. Сўнгра Грузия, Ўзбекистон ва Озарбайжон ташкилотдан чиқди. ЖҲШТнинг асосий фаолият йўналишлари сиёсий ва ҳарбий ҳамкорлик, халқаро терроризм ва экстремизм, наркотик моддаларнинг ноқонуний айланмасига қарши кураш кабилар ҳисобланади.

Янгилик билан ўртоқлашиш: