“Бухара Палас” комплексининг бошланғич нархи 26 млрд сўмдан зиёдлик бино ва иншоотлари аукционга қўйилди

Дата: 14:34, 05-12-2017.

Тошкент. 5 декабр. ЎзТАГ – “Бухара Палас” меҳмонхона комплексига кирувчи бино ва иншоотлар бошланғич 26351205556 сўм нарх билан хорижий инвесторлар учун аукционга қўйилди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

“Меҳмонхона шаҳар ҳокимиятининг балансида. Объектнинг умумий майдони 1,89100 гектар, бинолар ва иншоотларнинг майдони 8581,16 квадрат метрни ташкил этади”, - дейилади Ўзбекистон Республикаси Давлат рақобат қўмитасининг сайтидаги хабарда.

Қайд этилишича, кимошди савдоси 20 декабр куни Бухоро вилояти Давлат рақобат қўмитаси аукционлар залида бўлиб ўтади. Қоидаларга кўра, олди-сотди савдо битими аукцион савдолари натижалари тўғрисидаги баённома имзолангандан кейин камида 20 кун ичида тузилади. Номзодлар давлат активи дастлабки қийматининг камида 10 фоизини савдо ташкилотчиларининг ҳисоб рақамига ўтказишлари зарур.

Эслатиб ўтамизки, “Бухара Палас” меҳмонхонасининг бино ва иншоотлари Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 19-майдаги қарори ижроси доирасида хорижий инвесторларга сотилмоқда.

Мехмонхона 223 хонага мўлжалланган бўлиб, 1996 йилда очилган. Меҳмонхонада бир нечта ресторан, барлар, чойхона, тунги клуб ва ҳовуз мавжуд. Шунингдек, меҳмонхонада конференц-зал, бизнес-музокаралар хоналари ва бизнес марказ мавжуд.

$1=8096,33 сўм

Янгилик билан ўртоқлашиш: