“Бухоро” ва “Навоий” аэропортлари молиявий-иқтисодий соғломлаштиришдан кейин ташувлар ҳажмини кўпайтиради

Дата: 13:25, 17-06-2014.

Тошкент. 17 июн. ЎзТАГ – Ўзбекистон ҳукумати “Ўзбекистон ҳаво йўллари” МАКга қарашли зарар қўриб ишлаётган икки халқаро аэропорт - “Бухоро” ва “Навоий” аэропортлари молиявий-иқтисодий соғломлаштириш дастурлари “йўл ҳарита”ларини тасдиқлади, деб хабар беради UzDaily.uz нашри.
“Йўл ҳариталари”га мувофиқ, икки аэропортнинг молиявий-иқтисодий аҳволлари авиаташувларни кўпайтириш, қўналғалар моддий техника базасини мустаҳкамлаш ҳамда компаниялар қарздорлик ҳажмини камайтириш ҳисобига амалга оширилади.
Хусусан, Жанубий Кореянинг Korean Air компанияси “Навоий” аэропорти орқали юк рейслари ҳажмини 103тагача кўпайтириб, бу ердан 4,2 минг тонна юк ташийди.
“Ўзбекистон ҳаво йўллари” МАК Lufthansa ва Turkish Airlines авиакомпаниялари ва бошқалар билан музокаралар ўтказиб, “Навоий” аэропортига қўшимча юк рейслари ҳамда техник қўнишларни кўпайтиради.
“Ўзбекистон ҳаво йўллари” МАК ва Korean Air компанияси “Навоий” аэропорти автомобиль транспортидан фойдаланишлар ҳажмини кўпайтиради ва бу орқали аэропорт мультимодал тармоғини ривожлантиради.
Шунингдек, “Ўзбекистон ҳаво йўллари” МАК “Бухоро” аэропортининг ташувларини ошириш учун янги ички ва халқаро рейслар очади.
Ушбу ва бошқа чораларнинг амалга оширилиши юқоридаги қўналғаларга 2014 йил якунлари бўйича кўрсатилган хизматлар ҳажми ва олинган фойда миқдорини кўпайтиришга ёрдамлашади. Мисол учун, “Навоий” аэропорти 54,74 млрд сўмов (2013 йилда – 42,916 млрд сўм) хизмат кўрсатади ва йил якунлар бўча 2,5 млрд сўм фойда олади (2013 йилда соф зарар миқдори -6,55 млрд сўм).
“Бухоро” аэропортининг кўрсатган хизматлари ҳажми 2013 йилдаги 18,726 млрд сўмдан жорий йил якунлари бўйича 22,92 млрд сўмни ташкил қилади. Йил якунлари бўйича ушбу қўналға 342 млн сўм фойда олади. Ўтган йили эса аэропорт 4,73 млрд сўм зарар кўрган эди, деб ёзади нашр.

Янгилик билан ўртоқлашиш: