Бухоро вилояти божхоначилари Туркманистондан олиб келинаётган деярли 6 кг героин моддасини ушладилар

Дата: 22:04, 23-04-2015.

Бухоро. 23 апрел. ЎзТАГ – Бухоро вилояти божхоначилари Туркманистондан олиб келинаётган 5,5 кг героин моддасини ушладилар, деб хабар қилди пайшанба куни республика Давлат божхона қўмитаси матбуот хизмати.

“Чулкига жойланиб, скотч билан ўраб ташланган наркотиклар “Туркманистон-Ўзбекистон” йўналиши бўйлаб ҳаракатланаётган юк вагонининг ғилдираги ва тўсинига яшириб қўйилган бўлиб чиқди”, - дейилади хабарда.

Вилоят ИИБ эксперт-криминалистик бўлими томонидан ўтказилган текширув ўрамларда героин борлигини кўрсатди. Наркотик модданин умумий оғирлиги 5,5 кгдан ошиқ.

Муассаса маълумотларига кўра, жами 2014 йилда вилоят божхоначилари мамлакатга наркотик воситалар олиб келиш билан боғлиқ 16 ҳолатга чек қўйдилар.

Маълумот ўрнида, Ўзбекистон ҳудудидан афюн ташишда асосий йўллардан бўлган “шимолий маршрут” ўтади. Бу йўлдан Афғонистондан Россия ва кейинчалик Европа мамлакатларига йилига 100 тоннагача қаттиқ таъсир қилувчи наркотиклар ташилиши тахмин қилинади.

Янгилик билан ўртоқлашиш: