Бухоро вилоятида туристик полиция ишлай бошлади

Дата: 15:43, 20-02-2018.

Тошкент. 20 феврал. ЎзТАГ – Бухоро вилоятида туристик полиция ишлай бошлади, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

“Олдин хабар берилгани каби, Хавфсиз туризмни таъминлаш концепциясини амалга ошириш доирасида Бухоро, Самарқанд, Хоразм ва Қашқадарё вилоятларида Хавфсиз туризмни таъминлаш бошқармалари ташкил этилди”, - дейилади Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси матбуот хизматининг хабарида.

Хабарда айтилишича, бугунга келиб Бухоро вилоятида бошқарма таркиби 45 кишидан иборат. “Уларнинг тасарруфида махсус белгига эга автобуслар ва автомобиллар мавжуд. Автотранспорт видеокузатув тизими билан жиҳозланган бўлиб, бу вазиятни таҳлил қилиш ва сайёҳлар хавфсизлигини таъминлаш бўйича тегишли чоралар кўриш имконини беради. Туристик полиция ходимлари чет тилларини билишади, этикет асосларига доир етарли билимга эга, уларнинг ёнида хариталар, персонал планшет-компьютерлар бўлиб, бу электрон таржимонлар ва электрон ахборот тизими маълумотлар базасидан фойдаланиш имконига эга”, - деб таъкидалади хабарда.

Бошқарманинг асосий вазифалари сайёҳлар хавфсизлигини таъминлаш, эҳтимолий таҳдидлардан ўз вақтида огоҳлантириш, шунингдек, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоялашда кўмак беришдан иборат. 

Сурат манбаи: http://central.asia-news.com/en_GB/articles/cnmi_ca/features/2017/03/28/feature-01

Янгилик билан ўртоқлашиш: