Бухорода америка пулларига таъмирланган осори атиқалар кўргазмаси очилди

Дата: 12:02, 06-11-2014.

Тошкент. 6 ноябр. ЎзТАГ – Яқинда Бухородаги “Арк” Давлат археология ва тарих музейида америка пулларига таъмирланган осори атиқалар кўргазмаси очилди, дея хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

“Экспонатларнинг кўпчилиги АҚШ элчихонасининг $50 мингдан зиёд гранти ҳисобига реставрация қилинди. Ушбу осори атиқалар кўп йиллик археологик қазиш ва тадқиқотлар натижасида топилган. Улар орасида Варахша, Пайкент ва Учкўл каби жойлардаги археологик қазувлар чоғида топилган керамик объектлар, эски тангалар, деворга чизилган суратлар, шунингдек, Шаҳристон қўрғонида топилган сопол парчалари кабилар бор. Лойиҳа доирасида бошида 500 осори атиқа реставрация қилиниши режалаштирилган бўлсада, грант ёрдамида 732 ёдгорлик таъмирланди”, – деб таъкидлашди АҚШнинг Ўзбекистондаги элчихонаси матбуот хизматида.

“Ўзбекистон нисбатан ёш давлат. Шунга қарамасдан у бой тарих ва маданият, шунингдек, илдизи қадим-қадимларга бориб тақалувчи чуқур анъаналарга эга. Тарихни ардоқлаш келажакдаги тинчлик ва хотиржамчиликнинг асосидир. Биз катта тарихий қийматга эга бўлган тарихий объектларни реставрация қилишга кўмаклашганимиздан мамнунмиз. Чунки улар қадим Ўзбекистон ҳудудида яшаган кишиларнинг турмуш ва анъаналарини акс эттиради”, – деди АҚШнинг Ўзбекистондаги элчиси Жорж Кролл.

Янгилик билан ўртоқлашиш: